Зарбдор туманида жойлашган Алоҳида таълимга эхтиёжи бўлган 1-сонли Кар болалар учун ихтисослаштирилган мактаб интернатида “Инсон учун” номли инклюзив кўргазма ўтказилди.
Тадбир вилоят ҳокимлиги, Ижтимоий Ҳимоя Миллий Агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда вилоят бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, таълим муассасалари вакиллари ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этишди.

Кўргазма олдидан Ижтимоий Ҳимоя Миллий Агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Нодирбек Шарипов ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жиззах вилояти Кенгаши раиси Нусуратулла Пардаевлар сўзга чиқишди. Улар ўз нутқларида имконияти чекланган болаларнинг касб-ҳунарга бўлган қизиқишини ошириш, иқтидорини намоён қилиши ҳамда бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашда бу каби лойиҳаларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар.
Хайрия кўргазмаси давомида ўқитувчи ва ўқувчилар томонидан тайёрланган турли хил ҳунармандчилик буюмлари, амалий санъат намуналари, қўл меҳнати маҳсулотлари, ижодий ишлар ва жозибали рақслар намойиш этилди.
– Мактабимизда 150 нафар ўқувчи таълим олиб келмоқда. Улар дарсдан ташқари вақтларини мазмунли ўтказишлари учун касбга йўналтирилган тўгаракларга жалб қилинадилар. Хусусан, технология фани ўқитувчилари билан биргаликда тикиш, ҳар хил турдаги рўзғор буюмларини ясаш билан шуғулланадилар, – дейди мактаб директори Низомиддин Тошбеков.

Мазкур хайрли ташаббус жорий йил учинчи бор ўтказилаётир. Кўргазмада тумандаги 2-сонли заиф эшитувчилар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати, Жиззах шаҳридаги 32-сонли ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати ва вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳамда Шароф Рашидов туманида жойлашган “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи ходимлари томонидан тайёрлаган турли маҳсулотлар ҳам ташриф буюрганларнинг қизиқишини орттирди.
Кўргазма давомида вилоятимиз бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ходимлари ўзларига манзур бўлган ҳунармандчилик, рўзғор ҳамда турли сувинерларни харид қилдилар. Сотилган буюмлардан тушган маблағ ўқувчилар учун зарур шарт-шароитларни яратишга йўналтирилади.
Шаҳноза МАНСУРОВА.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).