МИРЗАЧЎЛДА 40 ЙИЛЛИК МУАММО ҲАЛ БЎЛДИ

“Фалон  тумандаги аҳоли томорқасидан шунча миллион даромад қилибди, ҳовлисига иссиқхона қуриб берилибди”, деган гаплар мирзачўлликларнинг ҳавасини келтирарди. Ўз номи билан чўл ҳудудига кирган туманимизда сувнинг ҳар томчиси зар билан ўлчанади. Айрим маҳаллаларга умуман оқар сув бормайди. Оқар сув бўлмагандан кейин ҳовлисида ҳеч бўлмаганда кўкат ўстиролмаган оилада барака бўладими?

“Андижон”, “Хоразм”, “Сайхунобод” ва “Уйчи” тажрибаси асосида бошланган ташаббуслар Жиззах вилоятининг марказдан олис ва чекка Мирзачўл туманида ҳам оқар сув муаммосини ҳал этиш лозимлигини кун тартибига олиб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  Халқ қабулхонаси томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида туманнинг Янгидала маҳалласидаги Янгиобод, Гулбоғ, Накурт, Элбек кўчаларида аҳоли томорқалари 40 йилдан буён оқар сувда суғорилмагани маълум бўлди. Табиийки, аҳоли ҳовлисида бир иккита сувсизликка чидамли дарахт ёки бутани айтмаганда экин экилмаган, даромад ҳам олинмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси ўринбосари – Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев ташаббуси билан Мирзачўл туманида аҳоли томорқасидан самарали фойдаланишни ташкил этиш учун ҳомийлик тариқасида  100 млн. сўм  маблағ йўналтирилди.

Туман Халқ қабулхонаси бошчилик қилган ишчи гуруҳ  вазиятни ўрганиб, Янгидала, Ўзбекистон ва Дўстлик маҳаллаларида аҳоли томорқаси учун оқар сув таъминоти мавжуд бўлмаган кўчаларга сув келтириш бўйича муҳим лойиҳалар амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди.

ПР-8 каналидан 70 сантиметр чуқурликда 140 миллиметр диаметрдаги полиэтилен қувурлар деярли бир чақирим масофага тортиб келинди.  Шу билан бирга 500 метр электр тармоғи тортилиб,  1 дона сув насоси ва трансформатор ўрнатилди.

Президент Халқ қабулхонаси томонидан ажратилган 100 млн. сўмга қўшимча Мирзачўл туман Халқ қабулхонаси ва туман ҳокимлиги ташаббуси билан 72 млн. сўмлик қурилиш, таъмирлаш, тиклаш ишлари бажарилди. Жорий йилнинг 26 июнида Янгидала, Дўстлик ва Ўзбекистон маҳаллаларидаги 390 дан ортиқ хонадонларга  оқар сув берилди.

Аҳолининг 40 йиллик тизимли муаммоси ўз ечимини топди. Эндиликда шу хонадонларга ҳам халқимизга хос бунёдкорлик қадрияти кириб келади. Томорқалар яшнайди, мева-сабзавот етиштирилади. Энг муҳими халқнинг розилигига эришилди. Амалга оширилган ишлар якунида халқнинг юзида, сўзида бугунги ҳаётдан розилигини илғадик.

                                                                 И.НУРМАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мирзачўл туманидаги Халқ қабулхонаси мудири

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *