ЖИЗЗАХДА ЧИГИРТКАГА ҚАРШИ КУРАШ ҚАНДАЙ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА?

Юртимизда зарарли чигирткага қарши “Долзарб 20 кунлик” тадбирлари ўтказилмоқда. Мухбиримиз вилоятимизда амалга оширилаётган ишлар хусусида соҳа вакилларига мурожаат қилди.

-Юртимизда чигиртканинг 200 га яқин тури бўлиб, уларнинг 6- ва 8-тури ўта зарарли ҳисобланади,  – дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси вилоят бошқармаси тасарруфидаги чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати бош агрономи Илаш АҲРОРҚУЛОВ. – Бу йил қишнинг илиқ келганлиги сабаб чигиртка тухумлари 10 кун олдин муддатда етилди. Вилоятимизда бу зараркунандага қарши ишлов берилиши керак бўлган 94 710 гектар майдон мавжуд. “Долзарб 20 кунлик” давомида 12 та штаб ташкил этилиб, 11 та туманда чигирткаларга қарши доимий кузатув ва назорат ишлари амалга оширилмоқда. Мавсум учун етарли миқдорда кимёвий воситалар, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари захираси яратилган ҳамда барча техникалар тайёр ҳолатга келтирилган. Зарарли чигирткаларга қарши “Багира” препарати ишлатилмоқда. 1 май ҳолатига кўра, вилоят бўйича 30 минг гектарга яқин майдонда кимёвий кураш ишлари олиб борилди.

Жумладан, Арнасой туманининг “Бухоро” ва “М.Улуғбек”, Ғаллаорол туманининг “Кўкбулоқ”, Дўстлик туманининг “Дадажонов” ва “Қосим Рахимов”, Ш.Рашидов туманининг “Янги ҳаёт” ва “Янги диёр”, Зафаробод туманининг “Чимқўрғон”, Зомин туманининг Увол, Бешкуби, Бешбулоқ ва Қорамозор, Зарбдор тумани “Иқбол”, Пахтакор туманининг “Туркистон” ва “Наврўз”, Мирзачўл туманининг “Янгидала” ва “Туркистон”, Фориш туманининг Ухум, Тулибой, Сафар ота, Қизилқум, Учқулоч, Ана муна, Эгизбулоқ ҳамда Янгиобод туманининг Хўжамешкентсой, Сармич, Баландчақирсой ва Қўшқанд хўжаликларида кимёвий ишлов бериш ўтказилаяпти.   

Чигирткага қарши курашувчилар вилоятимизнинг узоқ туманларида далада тунаб, кимёвий ишлов беришни давом эттиришмоқда. Кимёвий модда дельтаплан, трактор, махсус автомобиль ва моторли қўл пуркагичлари ёрдамида эрталаб 6- 9:00 гача, кечқурун 16-19:00 оралиғида сепилади. Чунки самарали натижа учун ҳаво ҳарорати 24-25 С гача бўлиши талаб этилади.

-Вилоятнинг қўшни давлатлар билан жами 154 км чегара ҳудуди доимий назаротга олинган ва кунлик кузатув ишлари олиб борилмоқда,  – дейди вилоят ФВБ бўлим бошлиғи Бекпўлат Мирзақобилов. –  Тожикистон республикаси Суғд вилояти ва Қозоғистон республикаси Жанубий Қозоғистон области чигирткага қарши кураш хизмати маъсул ходимлари билан алоқа ўрнатилган ва ўзаро маълумотлар алмашиниб турилибди.   Бугунги кунда Тожикистон ва Қозоғистон томонидан чигирткаларнинг ўтиши ва учиб келиши кузатилмади.

  Жараён тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, кузги ва баҳорги кузатув натижаларига кўра, зарарли марокаш чигирткалари кўпайиши эҳтимоли юқори майдонларнинг харитаси яратилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, учинчи ёшгача бўлган даврда зарарли чигирткага қарши кураш самарали. Айни кунларда шу босқичдаги зараркунандаларга қарши кураш олиб борилаяпти.

Жиззах вилояти махсус штаби аҳолини ҳам ҳамкорликка чорлайди. Чигиртка кўпайган ҳудудлар ҳақида хабар берилганда, кимёвий ишлов бериш бепул амалга оширилади. Штабга мурожаатлар қисқа муддатларда бартараф этилмоқда.

Муқаддас САПАРОВА.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *