Йўл ҳақини тўлашда янги тартиб
1 сентябрдан бошлаб жамоат транспортидан фойдаланувчи йўловчилар учун йўл ҳақини тўлаш тартиби ўзгаради. Энди автобусга чиққан ҳар бир йўловчи йўл ҳақини транспорт картаси, NFC функциясига эга банк картаси ёки QR-код орқали валидатордан фойдаланиб, дарҳол тўлаши керак. Тўлов валидатор орқали тасдиқланмаса, йўловчи чиптасиз деб ҳисобланади.
Бу янгилик шунчаки тўлов усулининг ўзгариши эмас. Электрон тўлов тизими жамоат транспортида ҳисоб-китобларни шаффофлаштириш, нақд пул айланмасини қисқартириш, ҳайдовчини ортиқча вазифалардан халос этиш ва йўловчиларга кўрсатилаётган хизмат сифатини оширишга қаратилган.
Ҳар куни Жиззах шаҳар автобусларидан юзлаб аҳоли фойдаланади. Улар орасида ишга ва ўқишга шошилаётганлар, кекса ёшдагилар, болали оналар, талабалар ва турли касб эгалари бор. Демак, янги тартиб ҳар бир йўловчининг кундалик ҳаётига дахлдор.
Шу боис электрон тўловдан қандай фойдаланиш, янги қоидаларга риоя қилмаслик қандай оқибатларга олиб келиши ва тизимнинг йўловчи ҳамда ҳайдовчи учун қандай қулайлик яратаётганини билиш муҳим.
Электрон тўлов — тартиб ва шаффофлик кафолати
Транспорт хизматлари сифатини назорат қилиш давлат муассасаси етакчи мутахассиси, назоратчи Ойбек Абдуллаев билан бўлган суҳбатда жамоат транспортида электрон тўлов тизимини такомиллаштириш масалалари ҳақида фикр алмашилди.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 18 мартдаги 116-сонли қарори жамоат транспортини молиялаштиришнинг янги тизимини жорий этиш, электрон тўлов усулларини кенгайтириш ва транспорт хизматлари сифатини ошириш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди. Ҳужжат шаҳар автобус йўналишларида замонавий бошқарув механизмлари ҳамда ҳисоб-китобларнинг шаффоф тизимини босқичма-босқич жорий этишни назарда тутади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 июндаги 276-сонли қарори билан электрон тўлов тизимидан фойдаланиш тартиби янада такомиллаштирилди. Унга мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб йўловчилар автобусга чиққан заҳоти валидатор орқали транспорт картаси, NFC технологиясини қўллаб-қувватловчи банк картаси ёки QR-код ёрдамида йўл ҳақини тўлаши шарт.
Агар валидатор орқали тўлов тасдиқланмаса, йўловчи чиптасиз деб ҳисобланади ва унга нисбатан амалдаги қонунчиликда белгиланган чоралар қўлланилади.
Ойбек Абдуллаевнинг таъкидлашича, кўпчилик назоратчиларнинг асосий вазифаси жарима ёзишдан иборат, деб ўйлайди. Аслида эса уларнинг асосий вазифаси йўл ҳақини тўлаш тартибига риоя этилишини назорат қилиш, электрон тўлов тизимининг тўғри ишлашини таъминлаш, йўловчиларга амалдаги қоидаларни тушунтириш ҳамда транспорт хизматлари сифатини оширишдан иборат.
— Электрон тўлов тизими нақд пул муомаласини қисқартиради, ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлайди ва жамоат транспортини янада ривожлантириш учун замин яратади. Илгари ҳайдовчилар йўл ҳақини йиғиш билан ҳам шуғулланишга мажбур эди. Бугун эса уларнинг асосий вазифаси — ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатишдир. Бу эса бутун транспорт тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилади, — дейди мутахассис.
У шунингдек, йўл ҳақини тўламаслик ёки белгиланган тартибни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланганини эслатди. Жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизини, яъни 41 минг 200 сўмни ташкил этади. Агар жарима қарор чиқарилган кундан бошлаб 15 кун ичида ихтиёрий равишда тўланса, унинг миқдори 50 фоизга камайтирилиб, 20 минг 600 сўмни ташкил этади.
Мутахассиснинг айтишича, ушбу чораларнинг асосий мақсади йўловчиларни жазолаш эмас, балки тўлов интизомини шакллантириш, ҳисоб-китоблар шаффофлигини таъминлаш ва жамоат транспорти хизматлари сифатини янада юксалтиришдан иборат.
Маданият ҳар бир йўловчидан бошланади
Жамоат транспортидаги тартиб ва қулай муҳит фақат ҳайдовчи ёки назоратчига эмас, балки ҳар бир йўловчига ҳам боғлиқ. Навбатга риоя қилиш, кекса ёшдагилар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳомиладор аёллар ва ёш болали йўловчиларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, автобус ичида тозаликни сақлаш, йўл ҳақини ўз вақтида тўлаш ва жамоат тартибига амал қилиш — оддий, аммо муҳим қоидалардир.
Ана шу оддий қоидалар жамоат транспортидан фойдаланиш маданиятини шакллантиради.
Бу жараённи кундалик иш фаолиятида кузатаётган Жиззах автобус парки ҳайдовчиси Шодмон Берданов ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
— Электрон тўлов тизими жорий этилгач, ишлаш анча қулайлашди. Энди ҳайдовчи нақд пул қабул қилиш ва ҳисоб-китобларга чалғимасдан, бутун эътиборини автобусни хавфсиз бошқаришга қаратади. Албатта, дастлаб барча йўловчилар ҳам янги тартибга дарҳол кўника олмади. Валидатордан фойдаланиш, банк ёки транспорт карталари орқали тўлов қилиш бўйича саволлар туғилди. Бугун эса тобора кўпроқ йўловчилар электрон тўловни танламоқда ва белгиланган қоидаларга амал қилмоқда. Бу эса сафарларни янада тартибли, йўловчиларга хизмат кўрсатишни эса сифатлироқ қилмоқда.
Электрон тўлов тизимининг жорий этилиши — автобусда йўл ҳақини тўлаш усулининг оддий ўзгариши эмас. Бу жамоат транспортида ҳисоб-китобларни шаффофлаштириш, нақд пул айланмасини қисқартириш, ҳайдовчиларнинг меҳнатини енгиллаштириш ва йўловчиларга кўрсатилаётган хизмат сифатини оширишга қаратилган муҳим қадамдир.
Янги тартибнинг самарали ишлаши эса, аввало, йўловчиларнинг унга қанчалик масъулият билан ёндашишига боғлиқ. Автобусга чиқдикми — йўл ҳақини ўз вақтида тўлайлик, белгиланган қоидаларга амал қилайлик ва жамоат транспортидан фойдаланиш маданиятини ўзимиздан бошлайлик.
Шахноза ДЖАЛИЛОВА.
Шерзод ЭГАМКУЛОВ (фото).