Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан жамият ривожига муносиб ҳисса қўшган, эл-юрт хизматида бўлган, кўпни кўрган нуронийлар ва фаол фуқароларга муқаддас Ҳаж сафарини бепул, имтиёзли тарзда адо этиш учун бериладиган олий эҳтиром ва йўлланма мақоми “Президент ҳожиси” ҳисобланади.
Бу имтиёзли дастур доирасида жорий йилда 100 нафар юртдошимизга давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Президент ҳожиси” дастури асосида Саудия Арабистонида Ҳаж амалларини бажариш учун бепул йўлланма берилганди. Улар орасида олти нафар жиззахлик ҳамюртларимиз ҳам бор.
Жиззах шаҳридаги темирйўл вокзалида мазкур нуронийларни муқаддас ҳаж сафаридан қайтиб келишаётгани муносабати билан кутиб олиш маросими ташкил этилди. Тадбирда вилоят ва Жиззах шаҳар ҳокимликлари мутасаддилари, вилоят ва Жиззах шаҳар “Нуронийлар” жамғармаси бўлимлари раислари, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Жиззах вилояти вакили, ҳожиларнинг оила аъзолари ва яқинлари, ОАВ ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

— Ҳаждан қайтаётган дадажонимни кутиб олиш учун оила аъзоларимиз билан темирйўл вокзалига келдик,—дейди зоминлик Латофат Хасанова. Узоқ йил мактабда ёшларга сабоқ берган отам Президентнинг назарига ҳамда эътиборига тушганидан биз ҳам мамнунмиз. Дадам етмиш олтига кирган бўлсаларда Ғофур Ғулом номли маҳалламизда ўтадиган тадбирларда доим бош-қош. У ўз нафақасидан ўн нафар аълочи ўқувчиларга ҳар чоракда 2 млн сўмдан тарқатади. Отам “Бир нуроний ўн ёшга масъул” танловининг республика босқичида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритган.
Ниҳоят Тошкент-Бухоро поезди Жиззах вокзалига келиб тўхтади. Олти нафар жиззахлик “Президент ҳожилари” гуллар билан қарши олинди.
— Меҳнат ва садоқат қадр топаётган юртимизда инсон қадрини улуғлаш, нуронийлар ҳамда жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшган фидойи инсонларга эҳтиром кўрсатиш анъанага айланди. Ана шу юксак эътиборнинг амалий ифодаси сифатида Президентимиз томонидан бепул муборак ҳаж амалларини бажариб, Ватанимизга ёруғ юз билан қайтиб келдик. Каъбада, Арофот тоғида, Мадинада Юртбошимиз, халқимиз ҳақига кўп-кўп дуолар қилдик. Барчаси учун ҳожилар номидан миннатдорчилик билдираман, —дейди меҳнат фахрийси Исматилла Раимов.
— Бу мақом ҳар кимга ҳам берилавермайди,—дейди Жиззах шаҳридаги “Усмон ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби Анвар Гаипов. —Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, кексаларни эъзозлаш, уларнинг орзу-интилишларига камарбаста бўлган нуронийларимиз бугун “Президент ҳожиси” мақомига эга бўлашаяпти. Бу эса ана шу юртдошларимиз қалбига шу Ватанга, шу юрт раҳбарига нисбатан меҳр-муҳаббатни, қадр-қимматни ошираяпти.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Саҳобиддин Болиев иштирок этди.
Зоир ЭРГАШЕВ.
Ботир ҚУДРАТОВ (фото).