ОДАМ САВДОСИ — ДАВР МУАММОСИ

Дунё халқларининг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш барчанинг эътиборида қолмоқда. Жиноятчиликнинг бу мудҳиш турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор тавсиявий ва мажбурий характерга эга бўлган ҳужжатлари қабул қилинган.

Хусусан, “Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида”ги Конвенция (1949 йил), “Қуллик ва қул савдосини, қулликка ўхшаш институтлар ва одатларни бекор қилиш тўғрисида”ги қўшимча Конвенция (1956 йил), “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳақида”ги Конвенцияни тўлдирувчи “Одамлар, айниқса, аёллар ва болалар савдосини тўхтатиш, олдини олиш ва унинг учун жазо тўғрисида”ги баённома (2000 йил) шу тоифадаги ҳалқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланади.

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалаларига оид миллий қонунчилигимизда ҳам ўзгаришлар бўлмоқда. Хусусан, 2019-2020 йилларда мазкур йўналишлардаги фаолиятни тартибга солиш мақсадида 20 дан ортиқ  норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Бундан ташқари, Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шу билан бирга, халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.

Статистик маълумотларга кўра, 2023-2024 йиллар давомида Жиззах вилоят судлари томонидан 17 нафар шахсга нисбатан 13 та жиноят иши кўриб тамомланган. Судланганларнинг 3 нафарига озодликни чеклаш, 13 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 1 нафар шахс шартли ҳукм қилинган. Энг ачинарлиси судланган шахсларнинг 14 нафарини ёки 82 фоизини аёллар ташкил қилган.

Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли амалиёт, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар “замонавий қуллик”, яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, қизлар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги жудаям ачинарли. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.

Бугунги кунда дунёда одам савдосини учта кенг тарқалган тури мавжуд бўлиб, булар: жинсий эксплуатация (фоҳишабозлик), мажбурий меҳнат ва одам аъзоларини сотишдир.

Жинсий эксплуатация учун асосан аёллар (шу жумладан қизлар) сотилади. Маълумотларга кўра, аёлларнинг 72 фоизи шу мақсадда сотилар экан.

Вилоятимиз ҳудудида яшовчи  аёллар Г.М. ва З.Х. ўзаро жиноий тил бириктириб, моддий манфаатдор бўлиш мақсадида оғир жиноятга қўл урди. Жумладан, улар Д.К. ва У.А. исмли қизларни алдаб Туркиянинг Истанбул шаҳрига олиб кетмоқчи бўлишади. Уларга ўзларининг ҳисобидан авиачипталар олиб беришади ва Тошкент халқаро аэропорти орқали Туркия давлатига кетмоқчи бўлиб турган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қўлга олинади.  Суд ҳукми билан жиноятчи аёлларга узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 

Бу жиноятларнинг асосий сабаби, таг замирига назар ташласак, маънавий қашшоқлик, очкўзлик, дунёга ҳаддан ташқари ҳирс қўйиш ва нафсига қул бўлишликни кўрамиз.

Ушбу иллатга қарши кескин чоралар кўрилаётгани ва барча фуқаролар огоҳликка даъват этилаётгани билан баъзи ҳамюртларимиз жиноятчиларнинг алдовларига ишониб қолишмоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳар бир фуқаро одам савдоси сингари жиноятлардан огоҳ бўлиши, унинг домига тушиб қолмаслик чораларини кўриши керак. Айниқса, ёшларимизни бу иллатдан асраш ҳаммамизнинг бурчимиздир.

 Шохрух Мирзаахмедов,

 Жиззах вилоят судининг судьяси.

Намозбой Мухтаров,

судья катта ёрдамчиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *