ПАХТАКОРЛИК ГУЛЧИ БОБО

Бир неча йиллар олдин вилоятимизда гул плантацияларини учратмас эдик. Тошкент, Самарқанд вилоятларига борганимизда йўл четига экилган, камалак рангли тўп-тўп гулларни кўриб рости ҳавасимиз келарди. Қарангки, бизда ҳам деҳқонлар фақат полиз, сабзавот экинлари билан чекланиб қолмасдан, атрофга гўзаллик, ёқимли тароват улашадиган гулларни етиштиришни йўлга қўйишмоқда. Ана шундай инсонлардан бири Пахтакор туманидаги Мингчинор маҳалласида истиқомат қилувчи Ўроқбой Достамов.   

Салкам 70 ёшни қаршилаган Ўроқбой ота ҳар қарич ер билан тил топишиб яхшигина даромад манбаига айлантира олган деҳқон. Отахон 8 йил муқаддам оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган, ҳосилнинг баракасини ошиғи билан олаётган миришкор.

Уни маҳалладагилар “Гулчи бобо” деб атай бошлашди. Ўроқбой отанинг маҳалласига кираверишданоқ ёқимли ифор таралиб туради. Ҳовлидаги кенг майдонда гиламдек очилиб турган гул плантацияси ҳар қандай кишининг бахри дилини очмай қўймайди. 15 сотих ерда 3000 туп гул кўчати парваришланаётган бўлиб, кузги гуллар ҳозир қийғос очилган.

– 7 йил муқаддам Тошкентдаги гул бозорга борганимда кўриб турганингиз хризантема гули кўчатларидан олиб келиб эккан эдим, – дейди Ўроқбой ота. – Афсуски, ўша йили харажатларимга куйдим. Гуллар илдиз отмай қуриб қолди. Кейинги сафар яна харид қилиб, 80 ёшлик деҳқон отахондан кўчатни нобуд қилмасдан ўстиришнинг сир асрорларини ўргандим. Қуриб қолишининг олдини оладиган дорисидан олдим. У кишининг тавсияларига амал қилиб иккинчи бор гул экдим. Секин-аста кўчатларим уна бошлади. Ҳозирги натижага эришгунча анча қунт керак бўлди.

Айнан шу гулга қизиққанимнинг ўзига яраша сабаблари бор. Баҳор ойларида тўп шаклида ям-яшилликни улашса, куз ойларида, ҳатто декабрда ҳам қизил, сариқ, оқ, тўқ жигарррангда очилиб туради. Эстетик кўриниши билан таъби нозик одамларнинг ҳам кўнглини олади. Бир йилдан тўрт йилгача кўкарадиган навлари бор. Шу сабабдан харидорлари кўп. Бошқа туманлардан ҳам гул кўчатларидан олиб кетишади. 15 октябрдан бошлаб очилиб турган гулларни сотишни режалаштирганмиз.

Ўроқбой ота турмуш ўртоғи Фотима ая, ўғли Жасур билан ҳамжиҳатликда очиқ далада арк усулидаги иссиқхона ҳам барпо этишган. Отахон йилнинг ҳар фаслида маҳсулот етиштиради. Сабр, тинимсиз меҳнат ўлароқ хонадоннинг доимий даромади бор, рўзғори бут.

– Умр бўйи турли соҳаларда ишладим, – дейди гулчи бобо. – Кўп йиллар тумандаги чойхоналарда ошпазлик ҳам қилдим. Ёшим ўтгач, уйда ўтириб қолдим. Бекорчидан Худо безор, дейишади. Нафақага қараб кун ўтказишдан кўра, деҳқончилик қилиб, оз бўлса-да рўзғорга ярайдиган маҳсулотларни етиштиришни бошладим. Кейинчалик бу ишим оилавий тадбиркорликка айланди. Эрта баҳордан саримсоқ, исмалоқ, салат барги, қалампир, редиска, пиёз экдик. Ҳосилни йиғиб олгач, помидор, булғор қалампирини ерга қададик. Маҳсулотларни бирин-кетин бозорга чиқара бошладик. Ҳавас билан бошланган иш доимий даромад манбаига айланди. Ҳозирда ҳар бир маҳсулотдан 2, 3 тоннагача етиштириб бошқа тумандаги бозорларга ҳам етказиб бераяпмиз. Шукрки, кам бўлмадик.

Жасур кўп йиллар мобайнида отаси билан елкама елка пешона тери билан рўзғор тебратади.

– Иш қидириб қаергадир бориш шарт эмас, – дейди у. – Ернинг ўзи бизни боқади. Юртимиз иқлими деҳқончилик қилиш учун ҳар томонлама мос. Фақат озгина хафсала қилиш керак. Ҳар бир хонадоннинг оз бўлса-да, бўш ери бор. Ундан эринмасдан унумли фойдаланилса, ҳеч бўлмаганда қора қозонни қайнатишга етадиган маҳсулот ўз уйингдан чиқади.

Ўроқбой ота орттирган фойдадан ўғлига янги қурилган кўп қаватлик уйлардан 3 хоналик квартира харид қилганини, шу билан бирга аёли ва ўғлини Ҳаж амалига юбориш харажатларини тўлаганини мамнуният билан тилга олди. “Буларнинг ҳаммасига деҳқончилик ортидан”, дейди у.

Яшилликка бурканган хонадонда ўтган оз фурсатлик сафаримиздан димоғимизда гулларнинг хуш бўйи ва ёрқин таассуротлар қолди.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *