Оппоқ марвариддек очилган пахталарга маҳлиё бўлиб узоқ вақт термилиб қолдим. Қанийди ёнимда этак бўлса, бир қўшиқ хиргойи қилиб, пахта терган ёшлик даврларимни эсласам. Илгари қўлда терилган бир кило пахта учун арзимаган чақа тўлашарди. Шўролар даври сиёсатига кўра ҳамманинг пахта териши мажбурий эди. Энди-чи?
Зарбдор тумани деҳқонлари жорий йилда 9100 гектар майдоннинг 2602 гектарига хорижий, қолганига маҳаллий пахта навини экиб, мўл ҳосил тўплашга эришдилар. 324 та фермер хўжаликлари далаларидан 36400 тонналик хирмон яратган туман пахтакорлари вилоятда пешқадамлар қаторида шартномавий режани адо этишди.
36 та пахта йиғим-терим машиналари ёрдамида кунига 220-230 гектардаги ҳосил йиғиштириб олинишига эришилди. Пахта теримида 147 та ташиш транспорти, 335 та тиркамалар хизматидан фойдаланилди. 3040 нафар маҳаллий аҳоли, Зоминдан 1700 ҳамда Янгиобод туманларидан 540 нафар кўнгилли ҳашарчилар зарбдорлик фермерларга етиштирилган пахта ҳосилини йиғиштириб олишда яқиндан ёрдам бердилар.
—Туманимизда 15 сентябрдан оммавий пахта йиғим-теримига киришилди,—дейди туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Турдибек Жўраев. “Ғолиб”, “Иқбол”, “Ғалаба”, “Тараққиёт” ҳамда “Шарқ юлдузи” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси бободеҳқонлари шартномавий режани туманда пешқадамлар сафида адо этишди.
Далаларда яқин ўтмишда пахтадан бундай юқори ҳосил қачон олинганлигини ҳеч қайси деҳқон эслолмайди. Ҳар туп ғўзадаги ҳосил чўғидан кўз яшнайди. “Комилов Жамшид”, “Мусурмон дов” , “Ғолиб жозибаси”, “Ютуқ майдони” каби фермер хўжаликлари аъзолари гектарига 65-70 центнердан хирмон уюшди.
—Давлатимиз раҳбарининг соҳага қаратаётган эътибори натижасида пахтадан юқори ҳосилдорликка эришдик, —дейди “Мусурмон дов” фермер хўжалиги раҳбари Муҳиддин Мусурмонов. —Хусусан, тўқсонли схемадан воз кечилиб, 76-схемага ўтилиши, плёнка остига хорижий навларнинг экилиши, янги технологиялар ва техникаларнинг олиб келиниши ютуқларимиз омили бўлди.
—Илгари ўн кунда бажарилган ишни бугун бир кунда амалга ошираяпмиз, —дейди “Ютуқ майдони” фермер хўжалиги раҳбари Олимжон Тошпўлатов. —Минерал ўғитимиз эллик фоизга тежалаяпти, ортиқчи ишчи кучи ҳам шартмас. Паст рентабелли майдонлар ва хўжаликларда ҳам камида пахтадан 50-55 центнердан ҳосил олинаётгани айни ҳақиқатдир.
Далалардаги ҳосилни машинада тезроқ ва сифатли қилиб йиғиштириб олишда Дилмурод Юлдошев, Шодиёр Норбоев, Зокир Аҳмедов, Собир Сулаймонов сингари механизаторларнинг улуши салмоқли бўлди.
Қўл теримида Зулфия Мелиқўзиева, Замира Мамараҳимова, Абдулҳамид Хуррамов ҳамда Мурод Имомов каби кўп минг килограмчи ҳашарчилар кунига 140-150 килодан пахта териб, қолган ҳашарчиларга ўрнак бўлишди. Уларнинг ҳар қайсиси мавсум бошидан бери 2-2,5 тоннагача оқ олтинни териб олишга улгуришди.
Ҳали далаларда ҳосил мўл. Зарбдорлик бободеҳқонлар қолган ҳосилни ҳам нес-нобуд қилмасдан, ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан йиғиштириб олишга бел боғлашган.
Зоир ЭРГАШЕВ.