Халқимизнинг фаровон, тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш барчамизнинг олий мақсадимиздир. Мамлакатимизда прокуратура органлари томонидан қонунийликни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Муҳтарам Президентимиз 2016 йил 19 декабрь куни “8 январни – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни” деб белгилаш ҳақидаги қонунни имзоладилар. Шундан буён адолат ва қонунийлик посбонлари ҳар йили касб байрамларини нишонлаб келаяптилар.
Жиззах шаҳридаги Ю.Ражабий номли драма театрида Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни ва мустақил Ўзбекистон прокуратураси ташкил топганлигининг 32 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда вилоят прокуратураси органлари, вилоят сектор раҳбарлари, ташкилот ва идоралар, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармалари ходимлари, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, тизим фахрийлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни вилоят ҳокими Эргаш Салиев кириш сўзи билан очиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табригини ўқиб эшиттирди ҳамда тизимда фаолият олиб бораётган ходимлар ва фахрийларни байрам билан табриклади.
Шундан сўнг сўзга чиққан вилоят прокурори Исломжон Эргашходжаев прокуратура органлари ходимлари халқ оғирини енгил қилиш, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларини ҳал этиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, иқтисодий ўсишни таъминлаш каби Давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифаларни амалга оширилишида нафақат назорат ўрнатмоқда, балки бу ишларда яқин кўмакчи ва ташаббускор бўлаётганлигини, бугун халқ билан очиқ мулоқот ўтказиш, фуқароларнинг дарду ташвишларига малҳам бўлиш, муаммоларини жойида ҳал этиш прокурорларнинг кундалик ишига айланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Тадбирга таклиф этилган меҳмонлар прокуратура органлари ходимларини касб байрами муносабати билан самимий табриклаб, ўзларининг эзгу тилакларини изҳор этишди.
Тантанали йиғилишда Бош прокурор, вилоят прокурорининг ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларининг буйруқларига асосан ҳалол ва фидокорона меҳнати билан жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга ўзининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётган ва хизмат вазифаларини намунали бажараётган 80 нафар ходимлар кўкрак нишонлари, ташаккурнома ва қимматбаҳо эсталик совғалари билан тақдирландилар.
Маданият ва санъат ходимлари томонидан тақдим этилган коцерт дастури барчага хушкайфият бахш этди.
В.ИЛЁСОВ.