Жаҳонда сув танқислиги тобора кучайиб, долзарб масалага айланиб бормоқда. Бу муаммо деҳқонларимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Шу боис мамлакатимизда сувни қадрлаш, уни тежаб фойдаланиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда ерларни томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш ва бошқа сув тежовчи технологиялар жорий қилинди. Шундай чора-тадбирлар натижасида биргина ўтган йилда анча миқдорда сув тежалишига эришилди. Бироқ ушбу ишлар кўламини янада кенгайтиришга тизимдаги айрим камчиликлар халал бериб келарди. Масалан, ирригация бўлимларининг ваколатлари хўжаликлараро каналлар билан чекланиб, сув етказиш хизматлари етарли молиялаштирилмаганди. Тежамкор ускуналар ўрнатиш учун тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитлар фермерларни ўзига жалб қилмасди.
Жорий йилнинг 4 январь куни муҳтарам Президентимиз қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга бағишланган йиғилишда деҳқонларимизни ўйлантириб келаётган ана шу масалаларни атрофлича муҳокама қилди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан, қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Унга кўра, туман ирригация бўлимлари ва махсус хизматлар негизида “Сув етказиб бериш хизматлари” давлат муассасалари ташкил қилинади. Уларнинг экскаватор ва бошқа техникалар билан таъминланиши суғориш тармоқларига хизмат кўрсатиш ишларини икки баробарга арзонлаштирди. Шунингдек, барча суғориш тармоқлари хатловдан ўтказилиб, эгаларига бириктирилади. Жорий йилдан далагача етказилган 1 куб метр сув учун солиқ 100 сўм этиб белгиланди. Эндиликда кўпчиликнинг онгида ўрнашиб қолган “сув – текин ” деган тушунчани ўзгартириш вақти келди.
Сув истеъмолчилари билан ҳисоб-китобни қуйидаги тамойил асосида йўлга қўйиш таклиф қилинди. Яъни 2025 йилдан бошлаб, далада сув хисоблагич ўрнатган ва тежамкор технологияларни қўллайдиган фермерлар учун солиқ коэффиценти камайтирилади. Аксинча холатларда эса оширилади. Шу билан бирга, сув етказиб бериш учун тўловлар бекор қилинади.
Йиғилишда сув тежовчи техналогияларни жорий қилишни рағбатлантириш чоралари ҳам кўриб чиқилди. Бунинг учун имтиёзли кредит линияси ташкил қилинади. Хусусан, кредитлар 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга 14 фоизлик ставкада ажратилади. Кредит олишда фермерлардан мол-мулк гарови талаб қилинмайди. Шунингдек, кредитлар “онлайн” ажратилиши йўлга қўйилмоқда.
Маълумки, бугунги кунда сув тежовчи тизим жорий қилинган ҳар бир гектар учун 8 миллион сўм миқдорида субсидия берилади. Шу пайтгача бу маблағнинг 50 фоизи технология ўрнатилган йилда, қолгани келгуси йили унинг ишлатилишига қараб тўланар эди. Энди бу борада ҳам қулайлик яратилиб, барча субсидия маблағлари ўша йилнинг ўзида тўлаб берилади.
Йиғилишда давлвтамиз рахбари сўнги истемолчигача бўлган тизимни тўғри йўлга қўйиш, сувни тежаш ишларини кенгайтириш борасида биз деҳқонларни руҳлантирадиган кўрсатмаларни берди. Демак, сувдан самарали фойдалансак, қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан мўл ҳосил етиштирамиз. Энг муҳими, халқимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшамиз.
Ҳотам Ҳожибеков
Зарбдор туманидаги “Бектурсин ота” фермер хўжалигининг раиси.