Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан воҳамиз тадбиркорларининг рақобат қонунчилиги соҳасидаги мажбурий талаблардан хабардорлигини ошириш мақсадида ўқув-семинари ташкил этилди.
Унда бошқарманинг рақобат бўлими бош мутахассиси Салоҳиддин Эгамқулов жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида давлат харидлари жараёнларида рақобат қонунчилигини таъминлаш борасида қилинган ишлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонунида назарда тутилган бандларнинг бажарилиши тўғрисида йиғилганларга маълумот берди.
Қайд этилишича, ўтган давр мобайнида давлат буюртмачилари томонидан ўтказилган 1343 та танлов, тендер, миллий ва электрон савдолари бўйича ўрганиш ишлари олиб борилиб, уларнинг 858 тасида (63,9 фоиз) 177,6 млрд сўмлик маблағлар билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Текширувлар чоғида айрим тендер ва танлов савдоларида аффилланган шахслар иштирок этгани, баҳолаш мезонларига тўлиқ риоя этилмагани ва рақобатни чекловчи ҳолатлар кузатилгани қайд этилди. Қонунбузарликлар бўйича масъул шахсларга маъмурий чоралар кўрилгани айтиб ўтилди.
Семинар давомида қонун устуворлиги ва очиқ рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида давлат харидлари соҳасидаги бу каби ҳолатлар устидан тизимли мониторинг ишлари давом эттирилиши таъкидланди ҳамда соғлом рақобатга тўсқинлик қилувчи ҳаракатларга қўлланиладиган қатъий чоралар ҳақида маълумот берилди.
Тадбир якунида тадбиркорларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
Юсуф САЙДАЛИЕВ.