РЕСПУБЛИКА ИШЧИ ГУРУҲИ ЖИЗЗАХДА

Бугунги кунда ҳар бир  раҳбардан  халқ дарди билан яшаш, уларнинг муаммоларига  ўз вақтида  ечим топиш  талаб  этилаяпти. Аҳоли мурожаатларини ўрганиш,  шу орқали уларга муносиб турмуш шароити яратиб бериш  раҳбарларнинг  асосий вазифаси ҳисобланади.  Шу боис  аҳоли муаммолари тингланиб, ўрганилмоқда ва жойида ҳал қилиш чоралари кўрилаётир.

“Жиззах” махсус индустриал зонаси дирекцияси биносида республика ишчи гуруҳи иштирокида вилоят секторлари ҳамда вазирлик ва ташкилот раҳбарларининг оммавий сайёр қабули ўтказилди. Ўзбекистон Олий Суди, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва яна бир қанча республика идораларининг раҳбар ҳамда масъуллари Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов ва Фориш туманларидан келган фуқароларни қабул қилишди.

Тадбирни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев қисқача кириш сўзи билан очиб, ҳар бир мурожаат эътибордан четда қолмаслиги, сайёр қабулда кўтарилган масалага ечим топилиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Умар Исмоилов аҳоли муаммоларини тезкор ва самарали ҳал этиш мақсадида жойларда оммавий сайёр қабуллар ўтказилаётгани, унинг аҳамияти ва бугунги қабулга  келган ҳар бир мурожаатчининг муаммолари 22 та вазирлик ва идоралардан келган раҳбарлар томонидан кўриб чиқилиши, уларни ҳал этиш чоралари кўрилиши, ҳал этилиши, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қонуний тарзда ҳимоя қилиниши ҳақида гапирди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Байрамбек Узоқов сайёр қабулларда аҳоли томонидан кўтарилган масалаларнинг барчаси рўйхатга олиниб, уларнинг ижроси таъминланиши ва мурожаат этиш тартибларини тушунтирди.

Тўрт кун давомида республика ишчи гуруҳи аъзолари вилоятдаги барча шаҳар ва туман аҳолиси мурожаатларини тинглайди.

Сайёр қабул давомида келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми суд-ҳуқуқ, солиқ, соғлиқни сақлаш, мактабгача ва мактаб таълими, қурилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бандлик, моддий ёрдам ва банкдан кредит олиш, йўллар таъмири, коммунал ва бошқа соҳалар билан боғлиқ масалалардир. Шу куни сайёр қабулга келган 326 нафар фуқароларнинг 347 та муаммолари ўрганилди. 77 та муаммолар шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Мурожаатларнинг қолган қисми эса қўшимча ўрганиш, вақт ва маблағ талаб қилгани сабабли ижро учун назоратга олинди.  

—Биз кўтарган муаммолар ечимини топганидан бениҳоя хурсандман,—дейди сайёр қабулдан мамнун бўлган фуқаролардан бири Ҳамроқул ота Тўйланов.—Ўзим Шароф Рашидов туманидаги “Қаҳрамон” МФЙда истиқомат қиламан. Республика ишчи гуруҳи аъзолари ва шахсан вилоятимиз раҳбари Улуғбек Мустафоев мени ва маҳалламиздан келган бир гуруҳ отахонларни қабул қилишди. Маҳалламиздаги 4 та кўчани асфальтлаштириш, кўчалардаги ёрилиб кетаётган сув қувурларини янгисига алмаштириш ҳамда ҳудудда йиғилиб қолаётган чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб  кетилиши каби масалалар ҳал этилганидан мамнун бўлиб уйимизга кетаяпмиз. Ана шундай сайёр қабулларни ташкил этаётган раҳбарларимизга раҳмат. Бундай учрашувларнинг халқимизга катта фойдаси тегаяпти. Аҳоли эмин-эркин муаммоларни кўтараяпти. Раҳбарларимиз уларни бартараф этиш чораларини кўрмоқда. Буни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси деб биламан.

Васил Илёсов

Ботир ҚУДРАТОВ (фото)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *