ВИЛОЯТДА МАҲАЛЛА РАИСЛАРИ САЙЛОВИ ЯКУНЛАНДИ

“Халқни рози қилишимиз учун маҳаллалардаги муаммоларни билиб туришимиз керак. Аввалги “бешлик” ҳозирги “еттилик” бўлади. “Еттилик“ маҳалладаги вазиятни билиши керак… Агар битта ҳоким ёрдамчиси бир ойда 5 тагина одамни иш билан таъминласа, ёшлар фаоли 5 тагина боланинг дунёқарашини ўзгартирса, худди шундай, аёллар билан ҳам ишланса, улар сони туман миқёсида қанча бўлади? Ўзбекистон тажрибасини, “эшитувчи давлат” деган иборани амалда бажарамиз, десак, бизга тажрибали, фидойи маҳалла раислари керак”, деган эди Президентимиз маҳаллаларда “еттилик”нинг ташкил этилиши сабабларига тўхталар экан.

Маҳаллаларда бошланган теран ислоҳотлар натижасида  эҳтиёжманд аҳолини рўйхатга киритиш, моддий ёрдам, субсидия ва кредит ажратиш каби 70 дан ортиқ масалалар, туман ва вилоят идораларига чиқмасдан, маҳалланинг ўзида жамоавий ҳал қилинадиган бўлди. Бандлик, тадбиркорлик ва касаначилик жамғармалари маблағлари ҳар бир маҳаллага тақсимлаб берилди. Маблағни ишлатиш маҳалла ихтиёрига ўтказилди. Ходимларнинг ойлик иш ҳақи маҳалла раиси томонидан тасдиқланадиган бўлди.

Хўш, бундай ўзгаришлар маҳалла ҳаётига қандай таъсир кўрсатди? Очиғини айтганда “еттилик”нинг аҳилликда, бир ёқадан бош чиқариб ишлаётган маҳаллаларда ҳамма иш бадастир, аҳолини иш билан таъминлашдан тортиб, хонадон, кўча ва  маҳалланинг обод қилишгача бўлган барча вазифалар ўз вақтида, аҳоли хоҳишига мос ҳолда бажариб қўйилди.

Лекин, “еттилик”нинг аъзоси “бу менинг ваколатимга кирмайди” деб ишлар ўлда-жўлда қолиб кетган маҳаллалар ҳам йўқ эмас. Буни шаҳар ва туманларда хизмат сафарида бўлганимизда кўрганмиз. Маҳалла раиси ҳоким ёрдамчисини айблайди, хотин-қизлар фаоли ёшлар етакчисининг нўноқлигидан норози. Икки ўртада раиснинг фаолиятсизлиги, “еттилик” ишини мувофиқлаштиролмаганидан, бутунлай бошқа ҳудудда яшовчи ҳоким ёрдамчисининг маҳалла аҳлига кўнгил қўёлмаганлигидан оддий халқ жабр кўрди. Бундай маҳаллаларда аҳоли сўнгги нажот – маҳалла раисларининг сайловини орзиқиб кутаётган эди.

Жорий йилнинг 1 май кунидан бошлаб  вилоятимиздаги 230 та маҳаллаларда сайловлар бошланди. Сайловларни амалдаги қонунларга мувофиқ ўтишини таъминлаш мақсадида вилоятда ва шаҳар ҳамда туманларда сайловни ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ва штаблар тузилди. Комиссиялар таркибига, қоида тариқасида, депутатлар, фуқаролар йиғинларининг, давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари киритилди. Жойларда сайловларни ўтказишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳлари ташкил этилди.

Бевосита фуқаролар йиғинларида йиғин ёки вакиллар йиғилиши қарори билан ишчи гуруҳлар тузилди. Уларнинг таркибига, қоида тариқасида, тегишли ҳудудда жойлашган маҳалла, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек туман (шаҳар) кенгаши депутатлари, қисқа қилиб айтганда  холис инсонлар киритилди. Ишчи гуруҳлар «тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикрини инобатга олган ҳолда» раис лавозимига икки ва ундан ортиқ номзодларни кўрсатади.

— Сайловларга тайёргарлик жараёнида катта ишлар амалга оширилди. Маҳаллаларда аҳоли ўртасида ўзига яраша обрўга эга 612 нафар номзодлар танлаб олинди, -дейди Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Мусо Тўраев. –Сайловлар жараёнида улар орасидан 230 нафар раислар сайлаб олинди.

Аҳоли ўртасидан сайлаб олинган 80104 нафар вакилдан 65693нафари (82 фоиз) иштирок этгани ҳам фуқароларнинг маҳаллага нисбатан ишончи, эътибори ортганидан дарак беради.

Бўлиб ўтган сайловлар натижасига кўра, 230 нафар раисдан 104 нафари биринчи марта бу лавозимни эгаллади. Бу маҳаллага янги куч кириб келганидан дарак беради. Муқаддам раис бўлиб ишлаган 126 нафар юртдошимиз фаолиятидан аҳоли қониқиш ҳосил қилиб, уларга яна бир бор ишонч билдирди. Сайланган раисларнинг 11 нафари депутат ҳисобланади.

Жорий йилда ўтган сайловларда ёшларга ҳам катта ишонч билдирилди. Жумладан, раисларнинг 1 нафқари 30 ёшгача, 52 нафари 31-40 ёшгача, 71 нафари 41-50 ёшгача, 94 нафари 51-60 ёшгача, 12 нафари 60 ёшдан ошган фуқароларни ташкил этди. Уларнинг 211 нафари олий, 19 нафари ўрта-махсус маълумот эга. 19 та маҳаллага аёллар раис этиб сайланди.

Раисликка энг кўп ўқитувчилар сайланди, улар 75 нафарни ташкил этди. 40 нафари иқтисодчи, 31 нафари муҳандис, 15 нафари ершунос, 7 нафари қурувчи, 5 нафари ҳуқуқшунос.

Шунингдек, раислар сафида шифокорлар, спортчилар ва бошқа касб эгалари ҳам бор.

Бугун барча муаммоларни маҳалланинг ўзида ҳал этишга эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун маҳаллаларга кўплаб ваколатлар, ташкилий ва молиявий имкониятлар берилди. Маҳалла жойларда муаммоларни чинакам ҳал қиладиган институтга айланмоқда. Янги сайланган раис бошчилигидаги “еттилик” зиммаларига қўйилган вазифаларни қай даражада уддалай олади? Буни вақт кўрсатади.

 

Асад МУСТАФОЕВ.

 

 

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *