Россия президенти Владимир Путин 26 май куни кечқурун давлат ташрифи билан Тошкентга келди. Уни пойтахт аэропортида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Россия Президентининг ташрифи мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда. Икки давлат раҳбарларининг мулоқоти давомида Шавкат Мирзиёев Россия Президентининг илк ташрифларидан бирида Ўзбекистонни танлагани учун миннатдорлик билдирди: «Бу Ўзбекистонга ва кўп миллатли Ўзбекистон халқига бўлган юксак ҳурматдир», деди у.
Ўзбекистон Президенти мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 10 миллиард долларга етганини таъкидлади. «Бу йилги ўсиш 30 фоизни ташкил этади, бу — жуда яхши кўрсаткич. Мен ва менинг ҳамкасбларим яқин келажакда буни 20 миллиардга етказиш учун ҳаракатдамиз. Ҳақиқий муваффақиятлар мавжуд», деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабарига кўра, президентлар етакчи корхоналарнинг қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича Қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш юзасидан келишувга эришди. Энергетика, жумладан, атом энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, инновациялар, миграция, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Таълим ва муҳандис кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда Бауман номидаги Москва техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академиясининг филиалларини очиш бўйича келишувларга эришилди.
Дарҳақиқат, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикчилик, иқтисодий, маданий алоқалар тарихи узоқ йилларга бориб тақалади. Жиззах вилоятининг Россия субъектлари ўртасидаги иқтисодий ва инвестициявий алоқалари ҳам чуқурлашиб бормоқда. Айни пайтда вилоятимиз ҳудудида Россия билан ҳамкорликда 38 та қўшма корхона рўйхатга олинган. Шулардан 6 таси қишлоқ хўжалиги соҳасида, 16 таси саноатда, 16 таси хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатмоқда.
Ҳозирги пайтда россиялик инвесторлар билан қиймати 399,23 млн. АҚШ доллари миқдорида 23 та келишувларга эришилган ва 197,2 млн. долларлик 6 та инвестиция лойиҳалари бўйича иш олиб борилмоқда.
Жумладан, Шароф Рашидов туманида лойиҳа қиймати 57,7 млн. долларлик йирик агрологистика комплекси фойдаланишга топширилди. “ADM Jizzax” МЧЖ негизида “LADA” автомобилини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳаси доирасида 64 млн. долларлик инвестиция, Фориш туманида базальт толали плиталар ишлаб чиқариш лойиҳаси учун 30 млн. доллар ўзлаштирилди.
Вилоятимизда барча соҳалар каби олий таълим тизимида ҳам халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётганини қайд этиш зарур. Бундан икки йил муқаддам Қозон федерал университетининг филиали Жиззах шаҳрида ташкил этилгани ва бу ерда 11 та бакалавриат таълим ҳамда ихтисослик йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланаётгани фикримизнинг яққол далилидир.
Иқтисодий алоқалар, инвестиция лойиҳалари сони йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Россия президенти ташрифидан бир неча кун муқаддам, яъни шу йилнинг 15 майида Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳрида”Россия – Ўзбекистон саноат мулоқотлари” мавзусида “Россия – Ислом дунёси: Kazan Forum 2024” бўлиб ўтди. Форумда мамлакатимиз делегацияси сафида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев раҳбарлигида вилоятимиз вакиллари ҳам иштирок этди.
Владимир Путиннинг ташрифи арафасида парламент аъзоларининг учрашувлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, «Иннопром» кўргазмаси, икки мамлакат етакчи муҳандислик-техника олий ўқув юртлари ректорлари ва тиббиёт муассасалари раҳбарларининг конференциялари бўлиб ўтди. Рус санъати ҳафталиги тадбирлари Тошкентда ҳам давом этмоқда. Турли маданий-гуманитар алмашинувларнинг ривожланиши юқори баҳоланди. Ташриф давомида Маданий ҳамкорлик дастури қабул қилинди.
Асад МУСТАФОЕВ.