СПОРТДАГИ ЮТУҚЛАРИМИЗ БАРЧАНИ РУҲЛАНТИРДИ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, аҳолининг барча қатламлари орасида жисмоний маданиятни юксалтириш, қолаверса, халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган спортчилар учун барча шароитларни яратишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Бундайин имкониятлардан унумли фойдаланаётган навқирон авлод вакиллари ичида жиззахлик иқтидорли ёшларнинг ҳам сони йилдан йилга ошиб бораётир. Айниқса, олимпия ва паралимпия спорт турлари ривожи йўлида қилинаётган эзгу ишлар ортидан ҳар йили қитъа ва халқаро мусобақаларда минглаб маҳаллий йигит-қизларимиз тобланиб бораяпти. Хусусан, бу йилги мавсумда спортда қўлга киритилган ютуқлар барчани руҳлантиради. Поёнига етган йил воҳамиз спорти учун муваффақиятли ўтди.

Вилоят спорт бошқармаси ахборот хизмати берган маълумотларга кўра, бугунги кунда 44 та спорт тури бўйича 18 мингга яқин ёшлар 778 та мураббийдан керакли сабоқларни ўзлаштирмоқда. Воҳамиз спортчилари ўтган йилда жаҳон миқёсида ўтказилган йирик мусобақаларда 15 та медаллар шодасига эга чиқишди (7 та олтин, 4 та кумуш, 4 та бронза). Осиё ва пара осиё чемпионатларида 48 та медаллар қўлга киритилган. Жумладан, бокс, кураш ва енгил атлетика турларида эришилган натижаларимиз салмоғи анча юқори бўлди.  Музаффар спортчиларимиздан Жаҳонгир Зокиров, Азиза Зокирова (бокс), Ёқутхон Холбекова (енгил атлетика), Гулҳаё Сатторова, Артур Стрельсов (велоспорт), Бунёд Ҳайитмаҳаммадов (паравелоспорт), Самира Шокирова (қиличбозлик), Севинч Муродова (дзюдо) ҳамда Аббос Бозорбоевлар (кикбоксинг) жаҳон ареналарида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар. Футбол бўйича асрий орзумиз ушалиб, терма жамоамиз жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритгани тарихий воқеа бўлди. Миллат қаҳрамонларига айланган чарм тўп усталари орасида жиззахлик Абдувоҳид Неъматов ва Русланбек Жияновларнинг ҳам борлиги қалбимизни чексиз фахр ва ифтихор туйғуларига тўлдиради.

Албатта, мазкур ғалабаларнинг қўлга киритилишида давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 13 февраль куни ўтказган “Олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари” бўйича видеоселектор йиғилиши муҳим дастуриламал бўлди, десак янглишмаймиз. Президентимиз ташаббуси билан республикамиз бўйлаб маҳоратли ва етук кадрларни тайёрлаш мақсадида “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” спорт мусобақалар тизими йўлга қўйилди. Унда вилоятимиз бўйича ўнта олимпия спорт туридан 10 мингдан зиёд ҳаваскор ва профессионал йигит-қизлар қамраб олинди. Ушбу мусобақаларнинг якуний босқичи саналган “Президент олимпиадаси” беллашувларида ҳам воҳамиз спортчилари фаоллик кўрсатиб, якунда 28 та медаль жамғаришди (6 та олтин, 11 та кумуш, 11 та бронза). Бу каби тизимли турнирлар халқаро спорт майдонларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган профессионал спортчиларнинг янги авлодини камолга етказишда муҳим аҳамият касб этишини унутмайлик.

Ҳа, бу рақамлар фақат спорт оламининг энг нуфузли мусобақаларидаги натижалардир. Агарда ушбу рақамларга миллий чемпионатлар ва бошқа турнирлардаги медаллар сони ҳам қўшилса, ютуқлар бундан-да салмоқли бўлиши шубҳасиз. Умид қиламизки, кириб келган янги йилда ҳам вилоятимиз спорт соҳасида эришилган ютуқлар сони ўтган йилгидан-да юқори бўлади.   

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *