СУД ФАХРИЙСИ ЭЪЗОЗЛАНДИ

Жиззах шаҳридаги маънавият ва маърифат марказида вилоятимизда узоқ йиллар давомида одил судловни таъминлашга муносиб ҳисса қўшган суд фахрийси Митанбой Равшановнинг 80 йиллик юбилейи муносабати билан «Уч авлод учрашуви» тадбири ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Акрам Шукуров, Судялар олий кенгаши судьяси Хуршид Содиқов, вилоят суди раиси Ғиёсиддин Ялгашев, суд ходимлари, Жиззах юридик техникуми ўқувчилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда дастлаб вилоят суди раиси Ғ.Ялгашев сўзга чиқиб, фахрий судья М.Равшановнинг тизим ривожидаги ўрни ва ибратли ҳаёт йўлига тўхталди. Шундан сўнг монитор орқали фахрийнинг ҳаёти ва сермазмун фаолиятига бағишланган махсус ҳужжатли ролик намойиш этилди.

Шунингдек, йиғилишда сўз олганлар юбилей соҳибининг суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантириш, фуқароларнинг қонун ва манфаатларини адолатли  ҳимоя қилиш, тизим учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш йўлидаги кўп йиллик фидокорона меҳнатларини эътироф этиб, ўзларининг самимий қутловлари ва дил сўзларини билдирдилар. Соҳа фидойисининг шарафли касб йўлидаги машаққатли меҳнати эътирофи сифатида унга Судьялар ассоциацияси раиси У.Мингбоев томонидан “Бенуқсон хизмати учун” кўкрак нишони топширилди.

Учрашув давомида судьялар юридик техникум ўқувчиларига ушбу касбининг ўзига хос жиҳатлари, одил судловни таъминлашдаги масъулият ва зарур фазилатлар ҳақида ўз тажрибаларини улашдилар. Фаол ёшларга эсдалик совғалари топширилди.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ,

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ олган сурат.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *