ФУҚАРОЛАРНИНГ ДАРОМАДЛАРИНИ ИЗЧИЛ ОШИРИБ БОРИШ…

“Аҳолининг турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўламини кенгайтириш, фуқароларнинг даромадларини изчил ошириб бориш сиёсатини давом эттириш ҳамда уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш мақсадида қарор қиламан”… Ушбу жумла билан бошланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармондан юртдошларимиз эълон қилинган кунданоқ хабардор бўлишди. Бу бир томондан фуқаролар учун ёқимли хабар эканлигидан ҳамда тезкор замондаги кенг имкониятларнинг натижасидан дарак бўлса, бир томондан мамлакатимизда кун сайин ўсиб бораётган иқтисодий ислоҳотлар нишонасидир.

Эътибор қаратадиган бўлсак, фармонда белгиланган бандларнинг аксариятида хотин-қизлар ҳиссаси юқори эканлигини билиш мумкин. Жумладан, ногиронлик пенсиялари миқдори, кам таъминланган оилаларга болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори, 3 ёшгача ҳамда 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган фарзанд учун, оиланинг иккинчи фарзанди учун, оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун, кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдам, пенсия, нафақаларнинг ойлик миқдорлари аниқ кўрсатилган. Бу ҳолат ҳам ўз навбатида аёлларнинг жамият тараққиётидаги фаол иштирокининг ошишига хизмат қилади. Айнан шу мақсадга қаратилган вазифалар давлатимиз раҳбари томонидан имзоланаётган ҳар бир ҳужжатда ва ташаббусларда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Биргина вилоятимиз миқёсида жорий йил 5 ой давомида 31 684 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланишига эришилганлиги, 6 882 нафари касб-ҳунар, тадбиркорлик ва молиявий саводхонликка ўқитилганлиги бунга яққол мисолдир. Шу муддатда 31492 нафар аёлга ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатилиб, 25 млрд 787 млн сўм маблағ сарфланди. Шунингдек, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган, боқувчиси бўлмаган талаба-қизларнинг контракт пуллари тўлаб берилаётгани, “Илм-фан аёли” стипендияси жорий этилганлиги, никоҳдаги ёшлар билан доимий иш олиб борилаётгани каби бир қатор лойиҳа ва дастурларни айтиш мумкин.        

Бугун вилоятимизда аҳоли сони 1,5 млн нафардан ортиқ бўлиб, шундан 764 минг нафари хотин-қизларни ташкил этмоқда. Уларнинг 200 минг нафари 14-30 ёшгача бўлган, 340 минг нафари 30 ёшдан ошган аёллардир. 35-45 ёшгача бўлган аёлларнинг 32 фоизи давлат ташкилотларида, 16 фоизи тадбиркорликда, 12 фоизи турли ҳунармандчиликда ўз фаолиятини олиб бормоқда. 7 фоизи ногиронлик нафақасини олгувчилар, 15 фоизи ўз-ўзини банд қилганлар, 18 фоизи айни дамда касб-ҳунарга ўқитилаётганлардир. Биз маълум ёш нуқтаи назаридан рақамларни келтирдик бироқ, фармонда кексаю ёш авлодга манфаатли бўладиган кенг қамровли қарор қабул қилинган. “Инсон қадри” тамойили асосида тизимли йўлга қўйилаётган стратегик чора-тадбирлар аҳоли вакилларининг моддий, маданий, маънавий-маърифий салоҳиятини ўсишига ижобий таъсир эмоқда. Зотан, 16 июн куни “Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топиш” юзасидан ўтказилган видеосилектор йиғилишида Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Тинчлик, адолат ва инсон қадрини улуғлашга бўлган эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам ошиб бормоқда”.

Гулнора НОРМУРОДОВА,

вилоят ҳокими ўринбосари, оила ва

хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *