ТАДБИРКОРЛИК ВА ИЛМ ТУТАШГАН МАНЗИЛ

Тадбиркорлик ва таълим уйғунлашган нуқтада нафақат барқарор даромад манбаи яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланади, балки ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, унинг келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратишдек эзгу мақсадлар ҳам мужассам бўлади.

Пахтакор туманининг учта ҳудудида фаолият юритаётган «Smart» ўқув марказида бугун 1300 нафардан зиёд ёш дарсдан кейинги бўш вақтида турли фанлар бўйича билимларини бойитмоқда. Марказда 30 нафардан зиёд педагог ва 10 нафар бошқа ходим доимий иш билан таъминланган.

– Фаолиятимизни бошлаш осон кечмади, – дея ҳикоя қилади суҳбат давомида ўқув маркази асосчиси Мансур Абдумуродов. – Дастлабки синфхоналарни жиҳозлаш учун ҳатто қариндош-уруғларимиз ва танишларимиздан фойдаланилмаётган стулларни йиғдик, эски ва синган ўриндиқларни таъмирладик. Ишни ижарага олинган бинода, чекланган имкониятлар билан бошладик. Кейинчалик давлат кўмаги ва имтиёзли кредитлар ҳисобига фаолиятимизни кенгайтира бошладик. Моддий техник базани мустаҳкамладик. Ўқувчилар сони ортгач, қўшимча филиалларни очдик.

Қаҳрамонимиз талабалик йилларидаёқ ўз олдига қўйган энг катта мақсад – атрофдагиларга илм улашиш бўлганини алоҳида таъкидлайди. Жиззах давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти йўналишида таҳсил олган даврида турли ўқув марказларида ишлаб, тажриба орттирди.

Кейинчалик ўз туманида ҳам замонавий таълим масканини ташкил этишни режалаштирди ва 2017 йилда ўқув марказига асос солди. Дастлабки фаолиятини уч нафар ўқитувчи билан бошлади.

Бугунги кунда марказда мактаб дастуридаги фанлар бўйича қўшимча машғулотлар, олий таълим муассасалари ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига тайёрлов курслари, шунингдек, миллий ва халқаро сертификатларни қўлга киритишга йўналтирилган машғулотлар ташкил этилган.

– Ўқувчиларимиз эришаётган натижалар ойлар ва йиллар давомидаги меҳнатимиз самарасини белгилайди. Одатда, йиллик кўрсаткичларимиз 85–90 фоиз ва ундан юқори бўлади. Жорий ўқув йилида эса марказимизда тайёрланган ўқувчиларнинг 99 фоизи олий таълим муассасалари талабаси бўлди. Бу эса йилдан-йилга ўқувчиларимиз сони ортишига ва фаолиятимиз кўлами кенгайишига замин яратмоқда, – дейди марказ раҳбари.

Унинг айтишича, ўқувчиларнинг билим даражаси ҳафталик ва ойлик тестлар орқали баҳоланади. Юқори натижаларга эришганларга ўқиш тўлови бўйича чегирмалар берилади, айрим ҳолларда эса улар 100 фоизлик имтиёзга ҳам эга бўлади. Шунингдек, педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш, миллий ва халқаро сертификатларни қўлга киритишларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Марказда ташкил этилган кутубхона эса ўқувчиларнинг қўшимча адабиётлардан фойдаланиши учун хизмат қилади.

Бино ҳовлисида турган бир нечта “Дамас” русумли автомашинадан ўқувчилар тушаётганини кўриб, яна бир савол билан юзландик.
Маълум бўлишича, нафақат Пахтакор, балки Арнасой, Зарбдор ва Дўстлик туманларидан келадиган ўқувчилар учун ҳам тўртта транспорт воситасида қатнов йўлга қўйилган. Ушбу хизматдан 100–150 нафар атрофидаги ўқувчи фойдаланади. Бу, айниқса, кечки машғулотлардан сўнг фарзандларининг уйга хавфсиз қайтишини истайдиган ота-оналар учун катта қулайлик яратмоқда.

Мансур Абдумуродов эришилган натижалар билан чекланиб қолмоқчи эмас. У келгусида тўпланган тажриба ва шаклланган таълим тизими асосида хусусий мактаб ташкил этишни ният қилган. Бу борада тегишли идораларга таклиф ва лойиҳалар ҳам киритилган. Режага кўра, янги таълим муассасасида ўқувчиларнинг фанлар бўйича қўшимча тайёргарлик кўриши учун замонавий синфхоналар ташкил этилади. Дарсларга камида беш йиллик иш тажрибасига, тегишли сертификатларга ва самарали ўқитиш методларига эга педагоглар танлов асосида жалб қилинади.

Дарҳақиқат, ёш авлод таълимига киритилган сармоя — миллатнинг ёрқин келажаги ва юрт равнақи йўлидаги энг оқилона сармоядир. Бу ҳақиқатни теран англаган ёш тадбиркор бугун дадил қадамлар билан олға интилмоқда. У ёшларга сифатли таълим бериш ва келажакда юртимиз равнақига ҳисса қўшадиган билимли кадрларни тайёрлаш йўлида ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ олган сурат.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *