“ЯНГИБЎСТОН”  ҒОЛИБЛИК  ШОҲСУПАСИДА

Футбол ва мини-футбол бўйича ҳар йили анънавий тарзда ўтказилаётган ДХХ кубоги баҳслари ёшлар учун чинакам спорт ва дўстлик анжуманига айланди. “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, улар ўртасида дўстона муҳитни қарор топтириш ҳамда истеъдодларни аниқлаш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, футболнинг оммавийлигини таъминлашга қаратилган мазкур анъанавий турнирнинг жорий йилдаги беллашувлари деярли барча спортсеварларни бефарқ қолдирмади. Ҳатто, маҳаллаларда истиқомат қилаётган фахрийлар ҳам ўз жамоаларига ишқибозлик қилгани мусобақа нуфузи ошиб бораётганини кўрсатмоқда. Мазкур мусобақаларда вилоятдаги 309 та маҳалланинг 610 та футбол ва мини-футбол жамоалари, 52 та мини-футбол бўйича қизлар жамоалари куч синашди. Саралаш баҳсларида 8 мингдан зиёд ёшлар ва 1000 нафар қизлар иштирок этишди. Ушбу мусобақаларнинг финал босқичи Жиззахда кўтаринкилик ва юқори савияда ўтказилди.

“Сўғдиёна” марказий стадионида ўтказилган финал беллашувига ташриф буюрганлар нафақат ажойиб оммавий футбол баҳслари, балки санъат усталари ижросидаги концерт дастуридан ҳам завқ олдилар. Тадбирни таниқли бошловчи Неъмат Отамуродов олиб борган бўлса, финал ўйинини таниқли футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов бевосита стадионнинг ўзида жонли тарзда шарҳлаб борди.

Финал ўйинида яшил майдонга Арнасой туманининг “Янгибўстон” МФЙ ва Зафаробод туманининг “Ёрқин” ШФЙ жамоалари  тушдилар. Учрашувга пухта тайёргарлик кўрган арнасойлик ёшлар дастлабки дақиқалардаёқ ҳужумлар уюштиришди ва биринчи бўлиб ҳисобни очишди. Мирзиё Эсанбоев стандарт вазиятдан тўпни рақиб дарвозаси тўрига жойлаб қўйди. Ҳисоб 1:0. Шундан сўнг “Ёрқин” ШФЙ жамоаси ҳисобни тенглаштириш учун астойдил ҳаракат қилди. Ниҳоят Эсанбой Соттиев ҳисобни тенглаштирди.  Арнасойлик футболчилар шиддатли ҳужумлар уюштиришда давом этдилар. Баракатали Қўйбоқов ва Мирзиё Эсанбоевлар ҳисобни 3:1 кўринишига олиб келишди. Зафарободликлар уюштирган ҳужумлар эса натижа бермади. Шундай қилиб финал учрашувида “Янгибўстон” жамоаси ғолиб бўлди.

Финал баҳсидан сўнг вилоят босқичининг ғолиб жамоаларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди. Маросимда Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев ва ДХХ Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Шавкат Тоғаев  ғолиб ва совриндорларни табриклаб, жамоаларга республика босқичида ҳам омад ёр бўлишини тилади.

Вилоятимиз раҳбари ўз чиқишида Президентимиз ташаббуси билан ўтказиб келинаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” иқтидорли ёшларнинг юзага чиқишида дастуриламал бўлаётганини, миллий терма жамоамизнинг Ватанимиз тарихида биринчи марта жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани ва саралаш ўйинларида терма жамоамиз сафида тўп сурган жиззахлик Абдувоҳид Неъматов ва Руслан Жияновларнинг борлиги барчага  фахр бағишлашини, икки йил олдин ДХХ кубоги республика босқичида Жиззах шаҳридаги “Турон” жамоаси биринчи ўринни эгаллаганини мамнуният билан таъкидлаб ўтди.

Мусобақа ғолиб ва совриндорларига диплом, медаль, қимматбаҳо совғалар ҳамда махсус кубоклар тантанали суратда топширилди. Шунингдек, мусобақани юқори савияда ўтишига ҳисса қўшган ташкилот раҳбарлари, ҳакамлар ва ОАВ ходимлари ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ғолиб жамоалар ДХХ кубогининг республика босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қиладилар.

Тадбир якунида таниқли эстрада хонандалари ижросида гала-концерт бўлиб ўтди.

Васил ИЛЁСОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *