САДОҚАТ САРОЙИНИНГ МАНГУ ТИМСОЛИ

Қаҳратоннинг заҳри кетиб, табиат уйғонаётган шу кунларда қуёш нури, илиқ ҳаво танага хуш ёқади. Шабада шивири қалбимизда баҳор соғинчини уйғотиб юборади гўё. Мана, шоиру ҳофизлар куйлаган, барчамиз интиқиб кутган, яшариш, янгиланиш фасли баҳор ҳам кириб келди. Жиззахда ҳар баҳор энг аввал Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейидан бошланади. Бунинг арзигулик сабаби, ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия Исроилованинг таваллуд топган куни айнан 1 март санасида эканлигидир.

Жамиятимизда меҳрибон рафиқа, самимий устоз, ҳақиқатгўй раҳбар ва асл инсон номига монанд аёллар жуда  кўп. Бироқ вафо тимсолига айланган, қадам босишидан тортиб, бир имо-ишораси, атрофидагиларга муносабатида ҳам нафислик иси уфуриб турган Шарқ аёлининг тимсоли деганда кўз олдимизда Зулфияхоним гавдаланади. Кўклам ва бахт жарчиси, тонг куйчиси Зулфияхоним шеърларини ўқиганда тонгнинг оқ алангаси, қировли майсалар нафаси, кумуш нурлар жаранги, қор тагидан бош кўтарган бинафшанинг ифори димоғимизга урилади. Шоира баҳорда таваллуд топгани учун табиат манзаралари ҳаёти, тақдирига уйғунлашиб кетган. Зулфияхоним минглаб ёшларни ортидан эргаштириб, уларни қўллаб, фаол аёлларни халққа танитган бир даврда Зулфия исмини қўйиш ҳам урф бўлди. Шу даврларда таниқли қорақалпоқ шоири Ибройим Юсуповнинг

 “…гўзаллик тимсоли бўлсин илоҳим,

Исми ҳам, ўзи ҳам Зулфия бўлсин!”  деган сўзлари фикримизга исбот бўла олади. 

Зулфияхоним ҳаётлик вақтида кўплаб давраларда, эл орасида ва адабий суҳбатларда бўлган. Бироқ шоир дилини яйратувчи, унинг кўнгил торларини чертиб, ажиб завқ улашгувчи бир давра борки, ундан кечгинг келмайди асло. Бу шеъриятнинг тантанаси – мушоирадир…

Шоира шахсиятига самимийлик, камтарлик каби фазилатлар сингган. Бунга О.Ҳожиева, Қ.Раҳимбоева, М.Улуғова сингари кўплаб шогирдларининг ҳаётий мисолларидан амин бўласиз. У билан ҳамнафас бўлган инсон борки, ажиб бир энтикиш билан ёдга олади. Айни пайтда Зулфияхонимнинг издошлари сафи тобора кенгайиб бормоқда. Жамиятнинг турли соҳаларида ютуқларга эришиб келаётган қизларимиз шоира фазилатларидан том маънода ибрат олса, нур устига нурдир. Сана муносабати билан ардоқли шоира таваллуд топган кун ҳар йили  республикамиз бўйлаб кенг нишонланади,  чинакам адабиёт байрамига айланиб кетади.

Эъзозлар, ардоғлар учун ташаккур,

Асли Сиз офтобим, мен зиёсиман.

Тонгларингиз кулсин дориломон, ҳур,

Бахтим шул – Ўзбекнинг Зулфиясиман.

Она юрт, севги, баҳор мадҳига йўғрилган бу сатрлар нурланган ҳар бир кўнгил ҳамиша шундай самимий изҳорларга муштоқ. Туғилган гўшага кўнгил ришталари билан боғланиб, шукроналик ҳиссини туйиш ижодкор учун қанчалик бахт бўлса, китобхон учун ҳам фараҳлидир.

Шаҳноза ЭГАМОВА,

Ҳ.Олимжон ва Зулфия музейи бўлим мудири.

Ирода МУЗАФФАРОВА,

музей илмий ходими.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *