Ўтган ўқув йилидан бошлаб «Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент фармонига кўра, бакалавриат ва магистратурага қабул қилинган талабаларга таълим гранти бир ўқув йили учун ажратилиши белгиланган. Бу янгилик кўпчиликда умид уйғотди, албатта. Тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинганларда бир ўқув йилидан сўнг грант асосида таҳсил олиш имконияти яратилиши ота-оналарни ҳам бефарқ қолдирмади. Натижада барча олий таълим муассасасаларида йил давомида ҳар жиҳатдан фаол талабалар сони ошиб, улар таълим грантини қўлга киритишга ҳақли равишда номзод бўлдилар.
Мавзуни вилоятимиздаги энг йирик ОТМ – Жиззах давлат педагогика университети мисолида ёритамиз. Университетда 26 та бакалавр таълим йўналиши ва 19 та магистратура мутахассислиги мавжуд бўлиб, жами 1448 нафар талаба таълим грантини қайта тақсимлаш жараёнида иштирок этиш учун ариза топширган.
– Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан “Олий таълим ташкилотларида талабаларга грантларни тақдим этиш ва қайта тақсимлаш тартиби тўғрисида низом” тасдиқланган. Унга биноан талабгорнинг академик ўзлаштириш ва ижтимоий фаоллик кўрсаткичларини аниқлаш ва баҳолаш вазифаси қўйилган, – дейди ЖДПУ грантларни қайта тақсимлаш бўйича махсус комиссия котиби Абдували Шамсиев. – Номзоднинг GPA кўрсаткичи 3.5 ва ундан юқори бўлиши талаб этилади. Бу кўрсаткич Hemis тизимида аниқ кўриниб туради ва уни ўзгартириш ёки сохта маълумотлар киритишнинг иложи йўқ. Таълим грантига талабгорларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари мутаносиб тарзда 80 балли мезонда баҳоланиб, бунда GPA кўрсаткичини «16» сонига кўпайтириш орқали аниқланди. Ижтимоий фаоллик кўрсаткичи 20 балли мезонда баҳоланди. Бунда баҳолаш мезонига асосан ҳисобланган натижани «5» сонига бўлиш орқали аниқланди.
Белгиланган таълим гранти ўринлари доирасида танлов чегарасида бир хил натижа кўрсатган талабгорларнинг академик ўзлаштириш кўрсаткичига устуворлик берилади. Махсус комиссия июль-август ойларида номзодларнинг аризалари ва GPA кўрсаткичларини ўрганиб чиқди ҳамда тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган таълим гранти (бир ўқув йили учун берилиб, тўлов-шартнома суммасининг 50 фоизи Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериладиган ва умумий тартибдаги стипендия билан таъминланмайдиган таълим гранти) га тавсия этилди. Олий таълимда яратилган имкониятдан унумли фойдаланган 259 нафар талаба тўлиқ, яъни бир ўқув йили учун берилиб, ўқитиш харажатлари Давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб бериладиган ва умумий тартибдаги стипендия билан таъминланадиган таълим грантига, 405 нафари тўлиқ бўлмаган давлат грантига эга бўлишди. Уларнинг 625 нафари бакалавр, 39 нафари магистратура талабаларидир. Махсус комиссия қарорлари, йиғилиш баёнлари ва талабалар рўйхати ҳақидаги маълумотлар университет веб-сайтига очиқ маълумот сифатида жойлаштирилди.

– Мен Жиззах давлат педагогика университети Педагогика-психология ва инклюзив таълим факультетининг амалий психология йўналиши 2-курс талабасиман, – дейди Рухшона Пўлатова. – Университетга кириш орзуси билан уч марта ҳаракат қилганман. Учинчи уринишда натижа грант бўлади деб қаттиқ умид қилгандим, аммо насиб қилмаган экан. Тўлов-шартнома асосида ўқишни давом эттиришга тўғри келди. Ростини айтсам, ўша пайт жуда хафа бўлдим. Бироқ ўқиш жараёнида устозларимиз бизга катта имконият борлиги ҳақида маълумот беришди: GPА кўрсаткичи 3,5 дан юқори бўлган талабалар таълим грантини қайта тақсимлашда иштирок этиши мумкин экан. Бу маълумот мен учун янги мотивацияга айланди. Бел боғлаб тайёрланишни бошладим. Дарсларни қолдирмадим, билим олишни биринчи ўринга қўйдим. Турли танловларда иштирок этиб, иқтидоримни синаб кўрдим. Ота-онамнинг дуолари ва устозларимнинг маслаҳатлари билан ҳаракат қилдим. Барча талабгорлар академик ўзлаштириш ва ижтимоий фаоллик бўйича баҳоланди. Бизни факультетдан айнан бизнинг йўналишдан 90 нафар талабгорлар ариза топширишди. Меҳнатим самара берди: GPA кўрсаткичи 4,5 га етди. Рўйхат эълон қилинганда ўзимни 3-ўринда кўриб, қувончим чексиз бўлди. Бу ютуқ мен учун нафақат шахсий ғалаба, балки ота-онамнинг орзуси ва устозларимнинг меҳнатларига муносиб жавоб деб биламан. Мақсадим 4-курсгача грант асосида ўқишни давом эттириш, ўз соҳамда билимли ва малакали психолог бўлиб етишиш. Англадимки, меҳнат ва сабр билан барча орзуларга эришиш мумкин. Ҳар бир қийинчиликдан кейин қувонч ва ғалаба албатта бўлади.

– Мактабни олтин медал билан битириб, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти – Миллий тадқиқот университети иқтисодиёт йўналиши талабаси бўлдим, – дейди Шароф Рашидов тумани Қаҳрамон маҳалласидан Шоҳжаҳон Дилшодов. – Оилада тўнғич ўғил бўлганим учун ота-онам олдида масъулият ҳисси мени безовта қилар эди. Ўтган ўқув йилида яхши ўқидим, шу билан бирга ижодкор талаба сифатида турли тадбир ва танловларда қатнашдим. Туркияда бўлиб ўтган “Ўзбек адабиёти байрами”да иштирок этиб, шеър ва мақолаларим “Ени Öзбекистанъıн Етенеклери” ва “Эдеби кöпрü” антологияларига киритилди. Абдулла Орипов ижодига бағишланган мақолам яқинда Озарбайжоннинг “Qardaş qələmlər” тўпламига киритилди. Илмий-ижодий изланишларим сабаб 2-босқичдан тўлиқ давлат гранти асосида ўқийдиган бўлдим. Ота-онам ҳам бу ютуғимдан бениҳоя мамнун бўлишди. Барча тенгдошларимни бу имкониятдан унумли фойдаланишга чақираман.
Янги ўқув йили кўплаб оилаларда ана шундай хурсандчилик билан бошланди. Таълим грантини қўлга кирита олмаганларда эса имконият сақланиб қолади – кейинги ўқув йилларида бу орзунинг ушалиши талабанинг ўзига боғлиқ.
Муқаддас САПАРОВА.