Бир неча йиллик тажрибам давомида болалар нутқида турли нуқсонларни кузатдим. Улар орасида энг кўп учрайдиганларидан бири дудуқланиш бўлиб, бу ҳолат боланинг шахсий ва ижтимоий ривожланишига жиддий таъсир кўрсатади. Дудуқланишнинг келиб чиқиш сабаблари турлича бўлиб, уни тўғри аниқлаш ва бартараф этиш учун махсус ёндашув талаб этилади.
Дудуқланиш (логоневроз) – нутқ аппарати мушакларининг зўриқиши натижасида пайдо бўладиган бузилиш бўлиб, бола сўзларни тўғри талаффуз қила олмайди ёки уларни қайта-қайта такрорлашга мажбур бўлади. Бу ҳолат кўпинча 2-5 ёш оралиғида кузатилади, чунки айнан шу даврда болаларда фаол нутқ ривожланади. Дудуқланиш турли сабаблар туфайли юзага келиши мумкин.
Психологик сабаблар
Қўрқув ва кучли ҳаяжон: Тўсатдан содир бўладиган қўрқинчли ҳодисалар (масалан, баланд овоз, ҳайвон ҳужуми ёки жанжал) бола нутқига салбий таъсир қилиши мумкин.
Стресс ва асабий таранглик: Оиладаги жанжаллар, қўрқитиш, болага ортиқча талаблар қўйиш нутқ бузилишига олиб келади. Эътиборсизлик ёки ортиқча назорат: Бола ўз фикрларини эркин ифодалашга қийналса ёки доимий танқидга учраса, бу дудуқланишга сабаб бўлиши мумкин.
Ирсий ва биологик омиллар
Генетик мойиллик: Агар оилада кимдадир дудуқланиш бўлса, бола ҳам ушбу муаммога дуч келиши эҳтимоли юқори бўлади.
Марказий асаб тизими заифлиги: Туғма ёки бола чақалоқлик даврида олинган мия шикастланишлари (масалан, туғруқдаги жароҳатлар, асфикция) дудуқланишни келтириб чиқариши мумкин.
Нутқ ривожланишидаги носимметриклик
Тез нутқ ривожланиши: Баъзи болалар жуда тез гапиришни ўрганишга ҳаракат қиладилар, лекин уларнинг нутқ аппарати ҳали бунга тайёр бўлмайди, натижада дудуқланиш юзага келади.
Нутқий муҳитнинг нотўғри ташкил этилиши: Агар бола икки ёки ундан ортиқ тилда гаплашадиган оилада ўсаётган бўлса ёки унга нотўғри талаффуз қилинган сўзлар ўргатилса, бу ҳам нутқ бузилишига сабаб бўлиши мумкин.
Дудуқланишни олдини олиш мумкин. Бунинг учун қуйидаги чораларга амал қилиш муҳим.
Психологик муҳитни яхшилаш. Оилада тинч ва илиқ муҳит яратиш муҳим. Болани ортиқча жазолаш ёки қўрқитишдан сақланиш керак. Уни доимо қўллаб-қувватлаш, эркин фикр билдиришига имкон бериш лозим.
Нутқий ривожланишни назорат қилиш. Болага тўғри ва равон гапиришни ўргатиш керак. Уни шошилтирмаслик ва жуда мураккаб сўзларни ишлатишга мажбурламаслик лозим. Китоб ўқиш, эртаклар айтиб бериш ва уни тинглашга ўргатиш нутқ ривожланишига ёрдам беради.
Соғлом турмуш тарзини таъминлаш. Бола етарлича ухлаши ва тўғри овқатланиши керак. Жисмоний фаоллик (сузиш, югуриш, йога) марказий асаб тизимини мустаҳкамлайди. Нафас олиш машқлари ва релаксацион техникалар дудуқланишни камайтиришга ёрдам беради.
Мутахассисларга ўз вақтида мурожаат қилиш. Агар дудуқланиш аниқ намоён бўлса, қуйидаги мутахассисларга мурожаат қилиш керак: логопед – нутқни тўғри шакллантиришга ёрдам беради. Психолог – боланинг ички ҳиссий муаммоларини ҳал этишда қўллаб-қувватлайди. Невропатолог – асаб тизими билан боғлиқ муаммоларни аниқлайди ва зарур даволаш усулларини тавсия этади.
Дудуқланиш болаларнинг нутқий ва психологик ривожланишига салбий таъсир қилади, аммо уни эрта аниқлаш ва тўғри ёндашув билан олдини олиш муҳим ҳисобланади. Болага соғлом психологик муҳит яратиш, унинг нутқини тўғри ривожлантириш ва зарур ҳолларда мутахассисларга мурожаат қилиш орқали муаммони бартараф этса бўлади.
Боланинг нутқи – унинг келажакдаги коммуникатив қобилиятлари учун муҳим асос. Шунинг учун ота-оналар, тарбиячилар ва ўқитувчилар боланинг жисмоний-руҳий уйғун ривожланиши қаторида нутқ ривожланишига ҳам эътиборли бўлишлари лозим.
Гулруҳ АБДУНИЯЗОВА,
логопед-дефектолог,
Жиззах шаҳридаги “LOGO CHILDREN’S” маркази раҳбари.