ТИНЧЛИКНИ АСРАШ — ШАРАФЛИ БУРЧ

Тинчлик — борлигида ҳар доим ҳам қадрланмайдиган, ҳис этилмайдиган  неъмат. Тонгда хотиржам уйғониш, фарзандни мактабга хавотирсиз кузатиш, кечқурун оила даврасида жам бўлиш, эртанги кунга ишонч билан режа тузиш осойишта ҳаётнинг  беқиёс қадрга эга манзараларидир. Кимдир шу хотиржамликни таъминлаш учун тунни бедор ўтказаётгани, яқинлари бағрида бўлиш ўрнига хизмат постида сергак тургани, бир инсоннинг тақдири учун ўз вақти, кучи ва асабини сарфлаётгани эса кўпинча парда ортида қолади. Ички ишлар ходимининг хизмати ана шу кўзга кўринмас масъулиятдан бошланади. Унинг вазифаси фақат жиноятчини ушлаш ёки ҳуқуқбузарликка қарши чора кўришдан иборат эмас. Бу хизмат ортида одамларнинг давлатга бўлган ишончини оқлашдек улкан масъулият ётибди.

Ишончни оқлаш. Бу жумла ортида қанчалик улкан маъно ва меҳнат мужассам. Бу йил мустақил Ўзбекистонда ички ишлар органлари ташкил этилганига 35 йил тўлди. Мустақилликнинг илк йилларида хизматни ташкил этиш, техника билан таъминланиш, соҳавий хизматларни ташкил этиш борасидаги тафовут бугун билан солиштирганда, ер ва осмон қадар фарқли. Аммо хизматимизнинг бош мақсади ўзгаргани йўқ: қонун устуворлигини таъминлаш ва халқ осойишталигини асраш. Ортда қолган йилларда жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи омиллар кўриниши ўзгарди. Уюшган жиноятчилик, талончилик ва безориликдан тортиб, диний экстремизм ҳамда терроризм каби оғир жиноятларга қарши курашда муайян натижаларга эришилган бўлса, бугун ёшларни гиёҳвандлик балосидан асраш, кибержиноятчилик ва интернет фирибгарлигига қарши курашиш ҳамда одам савдосининг олдини олиш каби вазифалар долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу сабаб бугунги хизматнинг энг муҳим йўналиши содир этилган жиноятни фош этишдан кўра унинг олдини олишга қаратилган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасида  2016–2026 йилларда ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда ички ишлар органларини халққа яқинлаштиришга қаратилган қатор қонунлар, Президент фармонлари ва қарорлари қабул қилинди. Уларнинг асосий мазмунини ички ишлар органлари фаолиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва рақамли технологияларни жорий этишдан иборат бўлди. Бунда асосий йўналишлар ички ишлар органларининг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш; фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш; ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш; маҳаллаларда профилактика ишлари кўламини ошириш ва жамоат тартибини сақлаш; кадрлар ва бошқарувни ривожлантириш, ходимларнинг малакасини ошириш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва раҳбарлар масъулиятини кучайтириш; рақамлаштириш ва замонавий технологиялар, электрон тизимлар, бодикамералар, ахборот базалари ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланишни жорий этишдан иборат бўлди. Натижада ички ишлар тизими халққа янада яқин ва замонавий, ёрдамга шай профессионал тузилма даражасига кўтарилди. Сўнгги ўн йилда соҳада мисли кўрилмаган сифат ўзгаришлари юз берди.

Жумладан, хавфсизлик тизимини такомиллаштиришда маҳалла даражасидаги профилактикага устувор аҳамият қаратилмоқда. 2026 йилнинг ўтган даврида вилоятимизда 609 та намунавий хавфсиз кўча ва 317 та намунавий хавфсиз уй ташкил этилди. Гавжум жойларга 1 230 та видеокузатув камераси, маҳаллаларнинг кириш-чиқиш нуқталарига эса юз ва авторақамни таниб олувчи 851 та камера ўрнатилди. 7 732 та хонадон ва кўп қаватли уй, шунингдек, 1015 та савдо-маиший хизмат объекти техник қўриқловга олинди. Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида олди олиниши мумкин бўлган жиноятларнинг 56,9 фоизи — 396 таси маҳаллалар ҳудудида содир этилган. Шу боис 304 та маҳалланинг криминоген ҳолати баҳоланиб, 24 таси «қизил», 134 таси «сариқ» ва 146 таси «яшил» тоифага ажратилди. Эътиборлиси, 116 та маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.  Бу рақамлар профилактиканинг моҳиятини очиб беради.

Хавфсизликнинг янги майдони — рақамли макон ҳам алоҳида эътиборимизда. Кибержиноятчилик фуқароларнинг ахборотдан етарлича хабардор эмаслиги ва замонавий технологиялардан фойдаланишдаги эҳтиётсизлигидан келиб чиқмоқда. Шунинг учун кибержиноятларга қарши курашишда жиноятчини аниқлаш билан бирга, фуқарони зарар кўришидан олдин ҳимоя қилишга устувор аҳамият қаратилаяпти. Кўрилган чоралар натижасида моддий зарар миқдори 17 млрд  611 млн сўмдан 10 млрд 346 млн сўмга камайди. Жорий йилнинг ўтган даврида ноқонуний криптоактивлар айланмаси билан боғлиқ 40 та ҳолат аниқланиб, жами 3 млн 594 минг 140 АҚШ долларига тенг, 42 млрд 298 млн 459 минг сўмлик маблағ билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилди.

Жиззах вилоятининг туристик салоҳияти ортиб бораётгани ҳам хавфсизликка бўлган талабни кучайтиришни талаб этади. 2026 йилнинг дастлабки  9 ойида вилоятимизга  97 давлатдан 25 минг нафардан ортиқ хорижий сайёҳ ва 2,3 млн нафардан зиёд маҳаллий дам олувчи ташриф буюрди. Ҳисобот даврида туристларга нисбатан ёки улар томонидан жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилиши билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилмади. Бу даврда профилактика йўналишида 300 дан ортиқ профилактик тадбир ўтказилиб, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар билан манзилли ишлар олиб борилди. 31 та меҳмонхона «E-mehmon» электрон тизимига уланди, яна 38 та меҳмон уйи ва кэмпинг жорий этилиш арафасида.  Туристик объектларда хизмат олиб бораётган ходимларга 1 817 нафар хорижий ва маҳаллий сайёҳ турли масалаларда мурожаат қилиб, амалий ёрдам олди.

Албатта,  халқ осойишталиги йўлидаги хизматни муносиб ташкил этиш учун ходимнинг меҳнат шароити ва ижтимоий ҳимояси ҳам муҳим. Ҳозирда Шароф Рашидов тумани Куёвбоши маҳалласида 104 та якка тартибдаги турар жой барпо этилмоқда. Уларнинг 56 таси 2024 йилда фойдаланишга топширилган, қолган 48 тасини жорий йил октябрь ойи якунига қадар ўз эгаларига топшириш режалаштирилган. 2022–2026 йилларда 150 нафар ходим уй-жой билан таъминланди, уларнинг 85 нафарига дастлабки тўловни амалга оширишда Ички ишлар вазирлиги молиявий кўмак кўрсатди. Шунингдек, 30 та хизмат уйи ходимлар, пенсионерлар ва уларнинг оила аъзоларига хусусий мулк сифатида расмийлаштирилди. 2021–2026 йилларда 205 нафар ходимга уй-жойни таъмирлаш ва маиший шароитларни яхшилаш учун фоизсиз ссудалар, 2022–2026 йилларда эса 76 нафар ходимга автотранспорт воситаси харид қилиш учун имтиёзли кредитлар ажратилди.

Вилоят ИИБда 8 млрд 100 млн сўм маблағ йўналтирилган Ситуацион-таҳлилий марказнинг ташкил этилгани жамоат хавфсизлигини рақамли бошқаришда муҳим қадам бўлди. «Қалқон» платформасига интеграция қилинган марказга вилоят ҳудудидаги 5,5 мингдан ортиқ видеокузатув камераси уланган, 40 турдан ортиқ ахборот базаси интеграция қилинган. Бу имкониятлар хавфни тезкор аниқлаш, маълумотларни таҳлил қилиш ва асосланган қарор қабул қилишга хизмат қилмоқда.

Шу ўринда таъкидлашни истардимки, хавфсизликни таъминлашда фақат техник воситаларга таянишнинг ўзи камлик қилади. Бу имкониятлардан самарали фойдаланадиган, ҳудуддаги вазиятни таҳлил қиладиган ва муаммони илдизи билан бартараф этишга интиладиган мутахассислар сув ва ҳаводек зарур. Шахсий таркибга ҳар томонлама етук кадрларни жалб этиш ва уларни фидойи, профессионал ходимлар этиб тарбиялаш вазифаси ҳамиша устувор бўлиб қолади.  Бу мақсадда профилактика инспекторлари учун ўқув-машғулотлари ва онлайн йўриқномалар ташкил этилмоқда, ходимларнинг касбий, жисмоний ва жанговар тайёргарлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир. 

35 йиллик тараққиёт йўлимиз бир ҳақиқатни тасдиқлайди: ички ишлар органлари фаолиятининг самараси фақат аниқланган жиноятлар ёки бажарилган вазифалар сони – статистика билан ўлчанмайди. Олди олинган ҳуқуқбузарлик, ҳимояси таъминланган инсон, хавфсиз маҳалла ва халқнинг тизимга бўлган ишончи муҳим мезон бўлиб қолаверади. Ички ишлар ходимидан ҳушёрлик, ҳар бир қарорда адолат, ҳар бир ҳаракатда қонунийлик ва ҳар бир фуқарога нисбатан ҳурмат талаб этилади. Хизматнинг оғирлиги оиладан узоқда ўтган тунларда, байрамда ҳам давом этган навбатчилик онларида, бир инсоннинг дардини тинглаш учун сарфланган вақтда намоён бўлиши мумкин. Ана шу заҳматлар ортида оилалар хотиржамлиги,  маҳаллалар осойишталиги, бутун жамият хавфсизлиги тургани бир дақиқа бўлсин ёддан чиқмайди. Аниқки, юрт тинчлигини асраш бир кунда адо этиладиган вазифа эмас. Бу қасамга садоқат, Ватан олдидаги бурч ва халқ ишончини оқлаш масъулияти. Ички ишлар органлари ходимлари бу йўлда бор билим ва тажрибаси, куч ва салоҳиятини сафарбар этиб, замон талабларига ҳамиша шай туришибди. Зеро, халқнинг хотиржамлиги — бизнинг масъулиятимиз. Ватан тинчлиги — бизнинг муқаддас  бурчимиз. Эл ишончи — бизнинг энг катта кучимиздир.

Ғайрат ҚОДИРОВ,

Жиззах вилояти ички ишлар

бошқармаси бошлиғи, генерал-майор.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *