Шароф Рашидов тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими суриштирувчиси, лейтенант Оловиддин Маликовни ҳамкасбларидан ажратиб турадиган жиҳатлар талайгина. Унинг китобга меҳри, спортга қизиқиши ва танлаган касбига муносабати бир-бирини тўлдириб, ёш ходимнинг серқирра шахс сифатида шаклланишида муҳим ўрин тутади. Айниқса, Бахмал туманидаги Навбаҳор маҳалласида, ўзи туғилиб ўсган хонадонда ташкил этган уй-кутубхонаси унинг мутолаага бўлган ихлосидан далолат беради. Бугун мингга яқин фондни жамлаган бу маскан китобсевар ёшлар учун ҳам қадрдон гўшага айланган.
Китобга меҳр Оловиддинда бир кунда пайдо бўлмаган. У мактаб давриданоқ мутолаага қизиқиб, бу одатини кейинчалик ИИВ Жиззах академик лицейи ва ИИВ Академиясида таҳсил олган йилларида ҳам давом эттирди. Китобхонликка бўлган интилиши турли танловлардаги натижаларида ҳам намоён бўлди. У «Энг ёш китобхон» танловларида ғолибликни қўлдан бермай келди.
2024 йилда Жиззах шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимида фаолият бошлаганидан сўнг ҳам мутолаага бўлган қизиқиши сўнмади. Аксинча, бу борадаги интилиши янги ютуқ билан давом этди. «Энг фаол китобхон ходим» танловининг вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаб, республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.
Оловиддин учун китоб ўқиш шунчаки бўш вақтни мазмунли ўтказиш воситаси эмас. У мутолаани инсонни англаш, ҳаётга теранроқ назар ташлаш ва ўз дунёқарашини бойитишнинг муҳим омили деб билади.
— Китоблар олами сеҳрли. Болалигимда мактаб кутубхонасидан бошлаб, академиядаги таҳсил йилларимгача кўплаб машҳур асарлар, жаҳон адабиёти намуналари ва “бестселлерлар”ни ўқиб, таҳлил қилганимдан хурсандман. Китоблардаги инсонлар ҳаёти билан танишиш реал ҳаётдаги одамларни, уларнинг қисмати, хатти-ҳаракатлари ва қарорларини тушунишга ёрдам беради. Шу маънода китобхонлик фаолиятимда ҳам қўл келади. Китоб билим беради, тасаввурни бойитади, ҳаётни англаш ва инсонийликни сақлашда беқиёс аҳамиятга эга, — дейди у.
Дарҳақиқат, терговчилик нафақат қонун нормаларини билишни, балки инсон психологиясини тушуниш, воқеаларни таҳлил қилиш ва тафсилотларга эътиборли бўлишни ҳам талаб этади. Ҳар бир ҳолатга холис ёндашиш, мавжуд маълумотларни қиёслаш ва воқеалар манзарасини тиклашда мантиқий фикрлашнинг аҳамияти катта. Китобхонлик эса инсоннинг фикрлаш доирасини кенгайтириб, турли ҳаётий вазиятларга теранроқ қараш имконини беради.
Оловиддиннинг қизиқишлари китоблар олами билангина чекланмайди. У спортга ҳам алоҳида меҳр қўйган. Айниқса, стол теннисидаги маҳорати билан ажралиб туради. Вилоят ички ишлар органларининг етакчи ракеткачиларидан бири сифатида ёш ходим яқинда ёш мутахассислар ўртасида ўтказилган вилоят биринчилигида ғолиб бўлди. Шунингдек, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ўртасидаги мусобақада жамоаси билан учинчи ўринни эгаллади.
— Албатта, иш тиғиз, вақт кам. Аммо бунинг ўзи зерикишга ўрин қолдирмайди. Одамларга ёрдам бериш, жиноятларни фош этиш, содир бўлган воқеа тафсилотларини аниқлаш — касбимизнинг моҳияти шунда. Кўз билан кўрилмаган ҳодисани энг майда деталларигача тиклаш, далилларни ўрганиш ва ҳақиқий жавобгарни аниқлаш осон жараён эмас. Бироқ касбимнинг айнан шу жиҳати менга қизиқ туюлади. Балки, кексайганимда детектив асарлар ёзарман. Ўз фаолиятим, ҳамкасбларим ва устозларимнинг тажрибаси бундай ижод учун ўзига хос манба бўлиши мумкин, — дейди Оловиддин.
Унинг бу нияти бежиз эмасдек. Зеро, детектив асарлар замирида ҳам кузатувчанлик, мантиқий таҳлил, инсон табиатини англаш ва воқеалар ўртасидаги боғлиқликни топиш маҳорати ётади. Булар эса терговчилик фаолиятида ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда вилоят ички ишлар органларида 78 нафар ёш мутахассис фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг касбий маҳорати ва маънавий салоҳиятини ошириш, жамоага мослашиши ҳамда хизмат вазифаларини пухта ўзлаштиришига алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда тизимга янги қабул қилинган ходимлар тажрибали мутахассисларга бириктирилиб, «устоз-шогирд» анъанаси асосида қўллаб-қувватланмоқда.
Зеро, ёш ходимнинг касбий камолоти билим ва тажриба орттириш билангина эмас, балки ўз устида мунтазам ишлаш, маънавий дунёсини бойитиш ва ҳаётга кенгроқ назар билан қараш орқали ҳам шаклланади. Китобга ошно, спортда фаол ва адолатни қарор топтиришни ўз касбий бурчи деб билган ёш мутахассиснинг изланишлари ҳали янги ютуқларга замин яратиши мумкин.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.