“ТОЗА ҲАВО” ОЙЛИГИ ЎТКАЗИЛДИ

15 май – Халқаро иқлим куни

Иқлимни асраб қолиш – инсоният олдида турган глобал муаммолардан биридир. Глобал исиш, атмосфера қатламида озон миқдорининг ошиши, табиий офатлар, сайёрада об-ҳаво шароитларининг ўзгариши – буларнинг ҳаммаси Ердаги иқлимнинг ёмонлашишига олиб келади. Охир-оқибатда одамларнинг озиқ-овқат, ҳаёт ва мулк хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиб, табиий ресурслар ҳолатида ва давлатлар ривожида қайғули намоён бўлади.

Иқлим ўзгаришларининг олдини олиш учун экологик тоза транспорт воситаларини кўпайтириш, иссиқхона газлари ажралмасини кескин камайтириш каби тадбирлар кўзда тутилган. Бу мақсадда 10 апрель -10 майда республикамиз бўйлаб “Тоза ҳаво” ойлиги ўтказилди. Автомобиль двигателларидан ажралиб чиқаётган газларнинг миқдори ва зарарлилик даражаси мониторингги бўйича мазкур тадбир Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги СЭО ва ЖС билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Операция давомида асосий эътибор атмосферага 70 фоиз углерод оксиди ва 13 фоиз углеводород чиқарувчи карбюратор дивигателли ҳамда дизелли автомобилларга қаратилади. Ўтган йили Жиззахда 600 тага яқин автотранспорт воситалари газ ёнилғисига ўтказилиб, атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар миқдори 70 тоннадан зиёдроққа қисқаришга эришилди. Жами автотранспортлардан атмосфера ҳавосига давлат стандартига асосан меъёрдан ошиқ зарарли газ чиқариш ҳолатлари умумий транспорт сонининг 7 фоизини ташкил этган.  Бу кўрсаткич 20 йил олдин 25-30 фоизни ташкил этарди. Кўрсаткичнинг ижобий томонга ўзгаришига асосий сабаблардан бири юртимизда “Evro-3” ва “Evro-4” давлат стандартларига жавоб берадиган автомобиллар ишлаб чиқарилаётгани бўлса, иккинчидан, яроқсиз ҳолга келиб қолган карбюраторли транспортлар аста-секинлик билан бўлса-да, тасарруфдан чиқарилмоқда.

“Тоза ҳаво” ойлиги давомида атмосфера ҳавосига белгиланганидан ортиқ зарарли газлар чиқараётган автотранспорт эгаларига кўрсатмалар берилиб, яқин жойдаги автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаларига юборилди.

Ҳаво мусаффолиги йўлида ўтказилаётган бу тадбирнинг иккинчи босқичи 10 августдан 10 сентябргача ҳам ўтказилади.

Зойир МАМАДИЯРОВ,

Жиззах шаҳар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши инспекцияси бош мутахассиси.  

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *