АНЖИРНИНГ ҚАДРИ УНИНГ НАВИДАМИ?

Ғаллаорол туманининг Авлиё қишлоғида анжир пишиши билан бу хонадоннинг эшиги олдида харидорлар кўпаяди. Кимдир бир неча кило янги узилган анжир олиш учун, яна кимдир набираларига олиб бориш учун келишади. Чунки бу ерда анжир етиштириш — ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида оиланинг меҳнати, рўзғорининг бир бўлаги, қўни-қўшнилар билан меҳр-оқибатининг ҳам бир кўринишига айланган.

Қутибоевлар томорқасидаги 10 сотих ерда  анжирнинг “Сариқ анжир”  навини парвариш қилишади. Ўзбекистон шароитида кенг тарқалган бу нав мамлакатимиз анжирзорларининг катта қисмини ташкил этиши билан ажралиб туради. Аммо Қутибоевлар учун анжирнинг қадри фақат унинг навида эмас. Унинг ҳар бир меваси ортида йиллар давомида йиғилган тажриба, меҳнат ва табиат билан ҳисоблашиб яшашнинг ўзига хос мактаби бор.

—Анжир пишиши билан одамлар ўзлари излаб келишади. Йилига энг кўпи билан 500 килограммгача ҳосил оламиз. Бозорга камдан-кам олиб чиқамиз. Қишлоғимиз аҳли сотиб олишади. Ҳозир килосини 15–20 минг сўмдан пуллаяпмиз. Ўзимиз ҳам анжирдан мураббо тайёрлаймиз. Мураббоси жуда мазали бўлади. Қишда набираларим яхши кўриб ейди, — дейди Бувиражаб Қутибоева.

Дарҳақиқат, анжирнинг янги узилган ҳолидаги шираси бир томон бўлса, ундан тайёрланган мураббо бошқа бир таъмни эслатади. Ёзнинг иссиқ кунларида пишган мевани банкаларга жойлаб, қишга олиб қолиш — қишлоқ аёлларининг қадимий тажрибаларидан бири. Хуллас, ёзги меҳнат қиш кунларида дастурхонга файз бўлиб қайтади.

Анжирнинг ўзи ҳам табиатнинг ажиб неъматларидан. Ботаник жиҳатдан у тутдошлар оиласига мансуб бўлиб, илмий номи “Фиcус cариcа”. Анжир етиштиришнинг ўзига яраша нозик жиҳатлари бор. У қуёшни яхши кўради,  уни суғоришда ҳам меъёр керак: ортиқча ёки етарли бўлмаган намлик меванинг тўкилишига ва сифатининг пасайишига сабаб бўлиши мумкин. Мутахассислар анжирни серқуёш жойга экиш, тупроқ намлигини меъёрида ушлаб туриш ва ўғитлашни ҳаддан оширмасликни тавсия қилади.

Қутибоевлар эса бу қоидаларни китобдан кўра кўпроқ йиллик тажриба орқали ўзлаштирган.

—Анжирнинг қарови ҳам ўзига яраша меҳнат талаб қилади. Кеч кузда совуқ тушишидан олдин шохларини ерга ётқизиб, тупроққа кўмиб қўямиз. Баҳорда ҳаво исиши билан яна очамиз. Кейин шохлари ерда ётиб қолмаслиги, яхши ривожланиши учун темирлар билан кўтариб қўямиз. Ёнидаги ариқдан тоғдан келаётган сув тўхтамай оқади, вақтида маҳаллий ўғитларини берамиз, шохларини тартибга келтирамиз.  Қайси шох яхши ҳосил бераётганини кузатиб борамиз, — дейди  хонадон соҳиби Бахтиёр Қутибоев.

Бу хонадонда анжир билан чекланилмайди. Ўттиз йилдан ошиқ вақт давомида Бахтиёр ака ҳамда Бувиражаб опа томорқаларида анор, узум ва бошқа меваларни ҳам парваришлаб келишмоқда. Томорқа улар учун шунчаки ҳосил олинадиган жой эмас, балки оилавий меҳнат, тажриба ва тирикчилик мактабига айланган. Зеро, яхши кўчат фақат дарахт бўлиб ўсмайди. У билан бирга меҳнат, тажриба ва ризқ ҳам илдиз отади.

Худойберди ЗИЁТОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *