ҚУЁШНИ УЗОҚ КУТТИРМА

Шамолнинг турткилари, ёмғир томчиларининг қайта ва қайта огоҳлантиришлари дарахт шохларидаги сўнгги япроқларни ҳам ҳолдан тойдирди. Начора, тақдири азал эканда, дея ёзиғига тан бериб узилди-ю ерга бағрини берди.
Ҳаёт қонуни шундай. Хоҳлаймизми-йўқми, бошланишнинг якуни ҳам бор. Худди умр каби. Қувонарлиси яна Баҳор келади, яна дарахтлар яшилликка бурканади. Худди сабр ортидан келган ёруғлик каби…

Ёғингарчиликни узоқ кутдик. Атрофдаги ғубор барчани бирдек ташвишга солди. Кўкка термулиб, Худойимдан ёмғир, қор юборишини неча бор илтижо қилдик. Беҳисоб шукр, мана бир неча кундирки ёмғир. Мусаффо ҳаводан ўпкамизни тўлдириб нафас олсак бўлади.

Аммо табиатимиздаги инжиқлик қўйсинми? Ҳеч бирига “Бўлди, розиман” демаймиз. Шундай яратилганимизданми? Тинмай ёғаётган ёмғирни узоқ вақт кутган бўлсак ҳам, кўпчилик аллақачон қуёшнинг тафтини соғинди. Барибир ёруғликка интиламиз, илиқ тафт бизни ўзига чорлайди. Айниқса, умр довонларидан ошиб ўтган ва унда ҳориган кексаларимизга қовоғи солиқ ҳаво бироз оғирлик қилади.
Ҳар неъматнинг бир қийинчилиги, тўлови бор, деб шуни айтишса керак.

Кўчада оёғига лой сачраган, уст-боши ивиб, эти жунжиккан, хира булутдан ичи сиқилган ҳар бир инсонда бу ўй ўтса керак. “Майли, ёғавер ёмғир. Фақат қуёшни ҳам узоқ куттирма, хўп”…

Шаҳноза МАНСУРОВА

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *