ЎЗБЕК ҚОВУНИ ЕВРОПАГА ЭКСПОРТ ҚИЛИНМОҚДА

Бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – мева-сабзавот ва полиз неъматлари билан халқаро бозорларда муносиб ўрин эгалламоқда. Серқуёш ўзбек заминида етиштирилаётган маҳсулотлар орасида, айниқса, қовун экспорти сўнгги йилларда изчил ўсишга эришмоқда. Бугунги кунда ушбу маҳсулот нафақат ички бозоримизда, балки узоқ хорижий мамлакатларда ҳам талабгир бўлиб бораяпти.

Аҳамиятли жиҳати, бундай муваффақиятлар тасодиф эмас. Унинг замирида, аввало, юртимиз деҳқон ва фермерларининг тинимсиз меҳнати, ерга бўлган муҳаббати, агротехника қоидаларига қатъий амал қилиш каби омиллар мужассам. Улар ҳар мавсумда иқлим шароитимизга мос, юқори ҳосилдорликка эга, экспорт талабларига жавоб берадиган навларни танлаб, етиштириш технологиясини такомиллаштирмоқдалар.

Албатта, ҳосил етиштириш – жараённинг фақат бир қисми. Маҳсулотни сифатли тарзда халқаро бозорларга етказиб беришни замонавий агрологистика тизимисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу маънода, BMB HOLDING тизимидаги BMB-NRC Agrologistics қўшма корхонасининг фаолияти алоҳида эътирофга лойиқ.

Ушбу замонавий мажмуада полиз маҳсулотлари халқаро стандартларга мувофиқ қабул қилинади, сараланади, харидоргир кўринишда қадоқланади ва экспортга тайёрланади. Маҳсулотлар учун оптимал ҳароратда сақловчи омборлар, божхона ва экспорт ҳужжатларини “Ягона дарча” тамойили асосида тезкор расмийлаштириш имкониятлари яратилгани маҳсулотларнинг сифатини сақлаш ва тез фурсатда манзилга етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни пайтда корхонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саралаш, қадоқлаш, совуткич камераларга жойлаштириш, шунингдек, Европа давлатларидан олиб келинган мева дарахти кўчатлари, гилос, мева концентрати каби маҳсулотларни сақлаш ва тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Яқинда Жиззах вилоятининг Арнасой, Зарбдор, Фориш, Шароф Рашидов ва Зафарабод туманларида етиштирилган йирик ҳажмдаги қовун партияси BMB-NRC Agrologistics маркази орқали сараланиб, қадоқланиб, Германия, Белгия, Россия ва Украина каби давлатларга экспорт қилинди.

Маҳсулотлар экспорт географиясининг кенгайиши, айниқса, Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига чиқиши – мамлакатимиз иқтисодиётига қўшимча валюта тушуми келтириши, деҳқон ва тадбиркорларимиз учун барқарор даромад манбаи яратиши билан бирга, аграр соҳанинг янада жадал ривожланишига хизмат қилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *