2016 йилдан бошлаб юртимизда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони тоборо камайиб бораяпти. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан фуқаросизликни камайтириш борасида кўрилган қатъий чоралар туфайли кейинги йилларда бу соҳада вазият тубдан яхшиланди.
Хусусан, ҳозирда янгиланган амалдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, мамлакатда камида 15 йил давомида яшаб турган ва доимий яшаш жойида рўйхатдан ўтган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри фуқаролик берилишининг янги тартиби ўрнатилди. Бундан ташқари Ўзбекистонда туғилиш ҳолатларини ялпи рўйхатга олишни таъминлаш мақсадида чақалоқларни, шу жумладан, ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ота-оналардан туғилган болаларни расмийлаштириш амалиётига ўзгаришлар киритилди.
-Ҳозирги кунда вилоятимизда умумий тартибда фуқароликка қабул қилинганлар сони 649 нафар бўлиб, фуқароликка тан олиш бўйича 1692 нафар шахс юртимиз фуқароси сифатида рўйхатга олинган, – дейди вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси катта инспектори, капитан Мавлон БОБОМУРОДОВ. – Айниқса, қонунчиликка киритилган ўзгаришлар бўйича енгиллик кузатилиб, яшаганлик факти бўйича фуқароликни белгилашда яхши кўрсаткичлар қайд этилмоқда. Жумладан, 2500 нафар шахснинг 2200 нафари Ўзбекистон фуқароси расмий мақомига эга бўлди. Бу аҳолини рўйхатга олиш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий режалаштиришда ҳам муҳим кўрсаткич ҳисобланади.
Қозоғистон Республикасида туғилиб Шароф Рашидов тумани Самарқандқудуқ маҳалласида фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси билан яшаб келаётган Бомурод Сайфуров ҳам шундай инсонлардан бири эди. У давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида”ги фармони билан юртимизнинг тенг ҳуқуқли фуқаросига айланди. Вилоят ИИБ МФРБ ходимлари томонидан унга ID карта расмийлаштирилиб, тантанали суръатда топширилди.