ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ МАҲАЛЛИЙ ҲОКИМИЯТ ВА ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ХОДИМЛАРИГА МУРОЖААТИ

Мамлакатимизда сўнгги йиллар давомида давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларини коррупциядан ҳоли соҳаларга айлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда, яъни  коррупцияга қарши самарали курашишни ташкил этишни йўлга қўйиш учун бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ижроси таъминланиб келинмоқда.

Шу ўринда, 2017 йил 3 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни билан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб берилганлигини алоҳида эътироф этмоқлик жоиз бўлади.

Ҳозирги кунда давлат органлари зиммасидаги вазифа, функцияларни бажаришда юзага келадиган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва “коррупциясиз соҳа” лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Бу борада жамоатчилик ва фуқароларнинг фаоллигини ошириш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги  “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 829-сон қарори коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш механизми жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257-сон Фармонига ҳамда  “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  ПҚ-5177-сонли қарорига мувофиқ 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб  йўлга қўйилди.

2021 йил 1 августдан бошлаб давлат харидлари соҳасида шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида давлат харидлари соҳасида ўтказилаётган тендер (танлаш) натижаларини мажбурий тарзда очиқ эълон қилиш амалиёти жорий этилди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ерларни тўғридан-тўғри бериш амалиёти бекор қилиниб, фақат аукцион орқали сотиш амалиёти йўлга қўйилди.

Булардан кўзланган мақсад эса коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, халқ ишончини оқлаш ва коррупциясиз соҳалар сонини оширишдан иборат. Ушбу мақсадни амалга ошириш борасида давлат органларининг ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги шарт.

Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда давлат органларининг ходимлари ўзининг бевосита раҳбарини хабардор қилиши керак.

Давлат органларининг манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ёки бартараф этиш талаблари бузилишига йўл қўйган ходимлари, шунингдек, раҳбарлари қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлиши муқаррар.

Давлат органларининг ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига доир барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт.

Ушбу мажбуриятнинг давлат органларининг ходимлари томонидан бажарилмаганлиги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Хуллас, коррупция тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган иллатлардан бири. Бу балодан қутулиш, ислоҳотларни унинг чангалидан қутқариш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

 Вилоят ҳокими в.б.  У.Мустафоев.

 

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *