Дунё бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ортиб бораётган бир пайтда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узлуксиз етиштириш, янги боғлар барпо этиш, иссиқхоналар фаолиятини самарали ташкил қилиш, уларда гидропоника усулини кенг қўллашга жиддий эътибор қаратиляпти.
Албатта, бозорларимизни йил давомида сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан таъминлашда иссиқхоналарнинг аҳамияти беқиёс. Маълумотларга кўра, бир гектар иссиқхонада камида 50 тонна сабзавот етиштириш мумкин. Очиқ майдонга нисбатан иссиқхонада маҳсулот етиштириш, айниқса совуқ мавсумда, деҳқончиликда ривожланишга олиб келади. Масалан, очиқ майдонда помидордан гектаридан ўртача 35 тоннагача ҳосил олинса, иссиқхонада бу қўрсаткични 120 тоннагача ошириш имкони бор. Боз устига иссиқхонада етиштирилган маҳсулотнинг нархи бозорда очиқ майдонникига қараганда қимматроқ ва экспортбоп ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, вилоятимизда қишлоқ хўжалигининг мазкур тармоғи йилдан – йилга ривожланиб, катта майдонларда замонавий иссиқхоналар фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда вилоятимизда 110,5 гектар ер майдонида 56 нафар тадбиркорлик субъектлари томонидан иссиқхона хўжаликлари ташкил этилган. Шундан 45 гектар ер майдонида 13 та гидропоника усулида, 31,9 гектар ер майдонида анъанавий усулда 25 та иссиқхона хўжаликлари фаолият юритиб келмоқда. Шунингдек, яна 4 та лойиҳа асосида 11, 1 гектар ер майдонида янги иссиқхоналар барпо этилиши режалаштирилган.
Шароф Рашидов туманида иссиқхоначилик драйвер тармоқлардан бирига айланиб улгурди. Ҳудудда айни пайтда 30 гектардан зиёд ер майдонида иссиқхоналар фаолияти ташкил қилинган. Бу борада Қахрамон маҳалласини нафақат туманда балки вилоятда ҳам намуна сифатида эътироф этиш мумкин. Ҳудуддаги ёш тадбиркорлардан бири Сардор Бобобеков бошчилик қилиб келаётган иссиқхона фаолият бошлаганига 7 йил бўлди. 2018 йилда дастлаб 2 гектар ер майдонида гидропоника усулидаги иссиқхона ишга туширилган бўлса, 2020 йилга келиб, қўшимча яна бир гектар майдонда Жанубий Корея технологияси асосида навбатдаги иссиқхона иш бошлади.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур соҳани ривожлантириш йўлидаги ташаббуслари натижасида айни пайтда қарийб 3,5 гектар майдонни эгаллаган иссиқхонада помидор ва қулупнай кўчатлари экилиб, парвариш қилинмоқда.
Шароф Рашидов туманидаги яна бир йирик иссиқхона хўжаликларидан бирига Акмал Аҳмедов бошчилик қилиб келмоқда. 4 гектар ер майдонига эга мазкур иссиқхонада ҳам талаб юқори бўлган хорижий навдаги помидор кўчатлари экилган бўлиб, томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган. Бу ерда айни пайтда кўчатлар мўл ҳосилга кирган.
2018 йилда гектаридан 65-70 тоннагача ҳосил олинган ушбу иссиқхонадан бугунги кунга келиб, 95 – 100 тоннагача помидор етиштирилмоқда. Албатта, ташқи ёхуд ички бозор бўлсин, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мавсумий эмас, йил давомида буюртмачиларга етказиб берилади. Эшик қоқиб келган қорли, қировли кунларда эса таъминот занжирининг узлуксизлиги янада муҳим. Бундай шароитда экинларга ҳарорат, ёруғлик ва намлик билан боғлиқ сунъий муҳит яратадиган иншоотлар — иссиқхоналарнинг озиқ-овқат етиштиришдаги аҳамияти тобора ошиб боряпти.
Эътиборга молик яна бир жиҳати шундаки, Шароф Рашидов туманидаги иссиқхоналарда етиштирилган сабзавотларни хорижий давлатларга экспорт қилиш кўрсаткичи ҳам ошиб бормоқда. 2018 йилда бор йўғи 2 млн долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 8 млн долларга етди. 2025 йил якуни билан бу кўрсаткични 20 млн долларга етказиш кўзда тутилган.
Бугун туман маҳаллаларида ҳам кичик ҳажмдаги иссиқхоналар сони ортиб бормоқда. Бу борада соғлом рақобат юзага келган. Жумладан, Қанғли маҳалласида ҳам иссиқхоначилик билан шуғулланиб, мазкур тармоқ ортидан даромадини ошириб бораётган, турмуш шароитини яхшилашга эришган оилалар сони анчагина.
Чинданда, бугун берилган имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланиш борасида Қанғли маҳалласи аҳли туманда етакчи ўринларда, маҳалла еттилигининг кўмаги билан хонадонларда янги-янги иссиқхоналар барпо этилмоқда.
Бундай омилкорликни Туёқли маҳалласида ҳам кўриш мумкин. Ҳудуддаги 700 га яқин хонадоннинг 314 тасида иссиқхоналар мавжуд. Мазкур маҳалла аҳолиси бугун ўз томорқасида ташкил қилган иссиқхоналари орқали бозорлар тўкинлигини таъминлашга муносиб хисса қўшмоқда.
Жорий йилда вилоятимиздаги мавжуд иссиқхоналарда жами 4,5 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиши режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 4,1 минг тонна маҳсулот йиғиб-териб олинди. 2026 йил эса 5,8 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари айнан иссиқхоналарда етиштирилади.
—Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами арафасида томорқа ерларидан оқилона ва самарали фойдаланаётган маҳалладошларимиз Хулкар Мирзаева ҳамда Шуҳрат Худойбердиевлар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан “Намунали томорқачи” кўкрак нишони билан тақдирланишди,—дейди Жиззах шаҳридаги Амир Темур МФЙ ҳоким ёрдамчиси Маҳбуба Мамирова. Ҳудудимиз равнақи йўлидаги бундай ибратли фаолият албатта, эътирофга лойиқ.
Амир Темур маҳалласидаги 1550 та хонадоннинг 600 тасида аҳоли томорқа қилади. Айни дамда маҳаллада 57 та иссиқхона фаолият юритмоқда. Камбағалликдан—фаровонлик сари”, “Ҳар бир оила—тадбиркор”, “Бизнесга биринчи қадам” каби қатор дастур ва лойиҳалар сабаб бозорларимиз фаровонлигини таъминлаётган, янги иш ўрни яратаётган, рўзғорига барака, оиласига даромад киритаётган ана шундай тадбиркорларимиз сафи кенгаяверсин.
Зоир ТУРСУНҚУЛОВ.