ЯНГИОБОДДА ТАРАҚҚИЁТ САРИ 25 та ЛОЙИҲА

Жиззах вилоятида Жаҳон банки лойиҳаси асосида аёллар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон республикаси миқёсида амалга оширилаётган ижтимоий–иқтисодий ривожланишни қўллаб–қувватлаш дастурида фақатгина Жиззах ва Фарғона вилоятлари қамраб олинган. Шу нуқтаи назардан вилоятимизнинг Янгиобод туманида аҳолининг турмуш даражасини ошириш, аёлларни фаол иқтисодий ҳаётга жалб этиш, янги иш ўринларини яратиш бўйича самарали лойиҳалар олиб борилмоқда.

Жумладан, Жаҳон банки томонидан 6 та йўналишда молиялаштирилган 25 та лойиҳа иши туманимизда бошлаб юборилган. Чорвачилик, қўзиқоринчилик, тикувчилик, қандолатчилик, сувни қайта ишлаш, истеъмол қурти ишлаб чиқариш каби соҳалар ривожи учун 3 миллиард сўмлик молиявий маблағ жалб этилди. Янги технологиялар, зарур асбоб-ускуналар харид қилиниб, лойиҳа иштирокчиларининг малакаси оширилди. Натижада туманда 25 та МЧЖ ташкил этилиб, маҳаллий даражада кичик бизнесни ривожлантириш, солиқ тушумларини ошириш ва янги иқтисодий муҳит яратилди.

Қолаверса, “Аёллар дафтари” рўйхатидаги 150 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланди. Улар орасида аввал тадбиркорлик тажрибасига эга бўлмаган ва умуман ишсиз бўлган аёллар ҳам бор. Энди эса улар ўз бизнесига эга бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқаришмоқда ҳамда бозор иқтисодиётининг ривожланишида фаол иштирок этмоқда. Зеро, Янгиободда ишга тушган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат маҳаллий бозорда, балки яқин туман ва жиззах шаҳрида ҳам харидоргир бўлмоқда. Қўзиқоринчилик, истеъмол қурти ишлаб чиқариш, тикувчилик каби соҳалар эса нафақат даромад манбаи, балки экспортбоп йўналишларга ҳам айланиши мумкин.

Аёллар ўз билими, маҳоратини ишга солиб, оиласи ва жамиятга даромад келтираётгани бу асосий ютуғимиздир. Янгиобод бугун кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик ва аёллар фаоллигининг намунали масканига айланмоқда. Бундай лойиҳаларнинг давомийлиги ва кўламини янада кенгайтириш, бошқа туманлар учун ҳам ибратли тажриба бўлиб хизмат қилади.

 

Шаҳноза РАЙИМОВА

Янгиобод туман ҳокими ўринбосари,

оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *