ЯШАШ САНЪАТИ

 

Устоз журналист Ўктам ОДИЛОВни хотирлаб…

 Таҳририятимизнинг собиқ масъул котиби, ажойиб инсон, буюк қалб соҳиби, ёшларнинг севимли устози, ақл ва юрак ўртасида моҳир мувозанатчи бўла олган (аммо қанчалик нодир инсон эканлигини қўшниси ёхуд анчайин бир кимсалар била олмаган бўлиши табиий) Ўктам акани унга талпинган ҳар бир яқини ўзгача яхши кўрарди. Мен у кишини донолиги, узун бармоқлари билан сигарет тутунини паға-паға пуфлаши-ю, танқидий фикрлашини Шерлок Холмсга ўхшатсам, соҳир қалби, борлиққа нозик ва теран боқишлари, ижоддаги мавзуларини Рауф Парфига, камтарлиги-ю ҳокисорлиги, кучли билим ва юксак тафаккурини Муҳаммад Юсуфга ўхшатар, бу ўхшатишлардан ягона бир инсон қиёфасини яратиб, ундан руҳий-маънавий қувват олишдан тортинмасдим. Назаримда, Ўктам ака умрининг сўнгги йилларида моддий оламда эмас, бизнинг ақлу тахайюлимиз етмаган ўзга бир оламларда яшагандек. Шу сабаб ҳали-ҳамон унинг маънавий қиёфаси орамизда: йўлакларда, кабинетда ва шундоққина ёнимда тургандек.

ОАВ ходимлари кунида унутиб бўлмайдиган инсон ҳақида ўтган замон феълида ёза олмадим. (Тўғри тушунасиз, деган умиддаман.) Очиғи,  бу мақолани бир йил муқаддам севимли инсон Ўктам ОДИЛОВнинг 65 йиллик таваллуд айёмига бағишлаб битган эдим. Қувонч, меҳр-муҳаббат, ҳавас ва ҳайрат таъсирида ёзилган бу мақола ўзимда қолди. Кеч бўлса-да, ушбу очеркни эътиборингизга тақдим этсам.  

         

Ўктам Одилов тафаккур ва прагматика ихлосманди: шахматни севиб ўйнайди, ер куррасининг митти кўринишини столидан туширмайди. Ҳар нарсанинг илдизи, сабабу оқибатини таҳлил қилишдан эринмайди.  Тўртликлар, қанотли иборалар, психологик триллерлар, Голливуднинг инсон иродаси ва ички қудрати ҳақидаги фильмлари ҳам унинг севимли хазинаси. Янгиликни қадрлайди, яхши ташаббусни қўллайди, мантиқ ва мушоҳадага бой фикрларини унинг дастхати дейишади.  Аммо кўнгли тоза, (бўш деса ҳам бўлади) бировга заррача ғарази йўқ – шунданми соғлом, ёшлардек зийрак, кайфияти ҳамиша аъло.

“Ердан Қуёшгача масофа қанча ? Нур тезлиги қанча? Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш тезлиги қанча? Бу саволларга жавобни билмай туриб, қандай  журналист бўлиш мумкин?” деган эди суҳбатларимиздан бирида. Бундай суҳбатлар ақлий меҳнатдан ҳориб, биров нафас ростлаш учун ажратилган фурсатларда тез-тез қулоққа чалинади. Сигарет тутунини ҳалқа-ҳалқа қилиб, пуфларкан, албатта, бирор қизиқарли, мантиқий, охир-оқибат фойдали воқеани, масалан, нисбийлик назариясини тушунтириб беради. Шу сабаб унинг ёлғиз ўзи турганини деярли кўрмайсиз.

Ҳамма нарсадан ҳикмат излашга уринувчи устозни бирров кўрмасак соғиниб  қоламиз. Ишга сал ҳаялласа, излаб қоламиз. Оқиш қошлари остида шўх ва самимий кулиб турувчи кўзлари, муаммоларни бир зумда ҳал қилиш санъати бизни руҳлантиради. Кучли сатирачиларга хос мутойибали сўзлари кайфиятимизни кўтаради. Шу сабаб Ўктам Одиловни ҳақли равишда “Жиззах ҳақиқати”нинг юраги” дейдилар. Ҳа, масъул котиб айнан шундай бўлиши керак.

Ўктам Одилов 1958 йил 4 март куни Жиззах тумани Яхтанлик қишлоғида Умар ота ва Сағди она оиласида тўнғич фарзанд бўлиб дунёга келди. 1979 йил Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтида таҳсил олди. Меҳнат фаолиятини Жиззах туманидаги Ғафур Ғулом номли ўрта мактабда она тили ва адабиёти фани ўқитувчилигидан бошлагач, 34-ўрта мактабда илмий бўлим мудири бўлиб 4 йил ишлади.  1984 йилда унинг бу дунёдаги ҳақиқий миссияси – журналистик фаолияти бошланди. Унинг  “Жиззах ҳақиқати” газетасидаги илк вазифаси мусаҳҳиҳлик бўлган. Сўнг катта мусаҳҳиҳ, мухбирликдан масъул котиб вазифасига кўтарилган. “Жиззах овози” нашридаги 7 йиллик фаолиятидан ташқари вилоят газетасида узлуксиз ишлаб келмоқда.

Ўктам Одиловнинг умр йўли бир қарашда ижоди каби равондек туюлади. Ҳар бир инсон ҳаётидаги каби эврилишлар, кўтарилиш ва тушишлар бўлган, албатта. Аммо бугун мен билган Ўктам Одилов – 65 ёшда бўлса-да, ҳали айтганимдек, ёш, тажрибасиз инсонлардек оқкўнгил (бу сифат бора-бора кўпчиликда йўқолиб кетади), шу билан бирга тафаккури мағизли, болга тўлган инсон, ижодкор. Унинг икки кема учини бирдай ушлаб тура олиши мени ҳаваслантиради. Қайтага бу икки хислат қўш қанот каби унга ҳаёт кенгликлари узра эркин парвоз завқини беради.

Шеърларининг ўзи бир олам. Шеър ёзиш бахти ҳаммага ҳам насиб этмайди. Кимдир уни яхши тушунади, фарқлайди, аммо битиш… Не бахтки, Ўктам Одиловнинг мана шундай қирраси ҳам бор.

Тегирмондир бу дунё –

Осмон ва Ер тошидир.

Ўртада буғдой дони –

Бу Инсоннинг бошидир.

У мухбирлар яхши янгилик топиб келса, яхши материал тайёрласа, чоп этишга салкам тайёр саҳифани бузиб, қайтадан саҳифалашдан ҳам қайтмайди. Кейинги сонгача сабри етмаслигидан эмас, янгилик биринчи бўлиб “Жиззах ҳақиқати”дан тарқалишини чин дилдан исташидандир.

Инсон янгиликни қадрласа унга яшаш ва авлодлар ўртасидаги фарқни қабул қилиш осон кечади. Ўктам Одилов ёшларнинг руҳлантириш, рағбатлантиришни яхши кўради. Йиллар сайин орттирган бой тажрибасини улашишдан қизғанмайди. У кишини доим кулиб, кутилмаган гап айтишга шай ҳолда кўрамиз. Борлигининг ўзиёқ бизга мустаҳкам қалқон, яхши кайфият булоғидек таъсир қилади.

Шунданми, у билан ишлашган барча ҳамкасбларимиз унинг номини ҳурмат ва муҳаббат билан “Ўктам ака!” дея тилга олади. Барчанинг кўнглидан жой олиш имконсиз, дейдилар, аммо истисно ҳоллар ҳам бўлар эканки, буни айнан Ўктам Одилов тимсолида кўраман. Тоза қалб, касбга муҳаббат, дўстларга  ва оиласига меҳр, ҳаётга некбинлик унинг барча эришганлари сири, назаримда.

Устознинг журналистика соҳасидаги меҳнатлари муносиб баҳоланиб, 2023 йилда II даражали “Меҳнат фахрийси” медали билан тақдирланди. Бу  қувончли хабар “Жиззах ҳақиқати” газетасининг 50 йиллик юбилейи учун ҳам муносиб совғадир.

Фарзандлари Умид, Ҳамид, Масъуд ва Воҳиджонлар тадбиркор, қизи Малика бир оиланинг бахтли бекаси. Ёш ўтган сайин оила даврасида тинч-осуда яшамоққа не етсин? Бу ҳам ўтган умрнинг сарҳисоби, инсон қандай яшаганига берилган мукофот ёки жазо бўлиши мумкин. Ўктам Одилов бу мукофотнинг ҳам тўлақонли соҳибидир.

…Навбатдаги иш куни якунига етар экан, Ўктам ака таҳририятни  ҳаммадан охири тарк этади. Баъзан ҳатто тушида ҳам котибиятдаги муҳим-номуҳим, қизиқарли-зерикарли мақолаларни саралаётган, саҳифалаётган бўлади. Унинг 40 йиллик фаолияти ўтган газета таҳририяти журналистикани у каби севган, қадрлаган инсонларнигина бағрига босади. Ўктам Одилов ижод завқини, журналистика қадрини, яшаш санъатини шу даргоҳда ўрганди. Ва ўзи ҳам ўтган умрига параллел равишда севимли устозга айланиб борди…

 

Муқаддас САПАРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *