АҚЛ ВА ТЕХНОЛОГИЯ МУШТАРАК НУҚТА

Сунъий интеллект тушунчаси бугун ҳеч ким учун янгилик эмас. Чунки у шунчаки технологик янгилик эмас, балки жамият тараққиётини белгилаб бераётган муҳим омилга айланмоқда. У инсон тафаккури ва рақамли имкониятлар уйғунлигида шаклланиб, кундалик ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётир. Мактаб ўқувчисидан тортиб зиёли қатламнинг энг олий вакили; рақамли соҳа ходимидан тортиб исталган соҳа мутахассислари унинг турли-туман функцияларидан унумли фойдаланишаётир.  

Дарҳақиқат, сунъий интеллект ёрдамида вақт тежалади, меҳнат самарадорлиги ошади ва илгари мушкул бўлган масалаларга тезкор ечимлар топилади. Бундан ташқари тиббиётда касалликларни эрта аниқлаш, таълимда ўқув жараёнини шахсийлаштириш, иқтисодиёт ва саноатда аниқ таҳлиллар асосида қарорлар қабул қилиш имконини бермоқда. Ҳаттоки давлат даражасидаги мансаблар СИга ишониб топширилмоқдаки, Албания тажрибаси бунга яққол мисол.

Сунъий идрок инсонни алмаштириш учун эмас, балки унинг ақл-заковати ва масъулиятини янада кучайтиришга хизмат қилади. Чунки у  инсон ақли ва замонавий технологиялар уйғунлигида шаклланган технологик маҳсулот ҳисобланади. Айниқса, катта ҳажмдаги маълумотларни тез ва аниқ таҳлил қилиш имконияти сунъий интеллектнинг устун жиҳатларидан биридир.

Хорижий тилларни ўқитишда ҳам СИ имкониятларидан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Бугунги педагог сунъий ассистент ёрдамида дарс жараёнини қизиқарли ва жонли, мақсадга эришиш даражасини янада юқори қилиши мумкин. “Тажрибали педагог” тушунчаси “СИ имкониятларидан оқилона фойдалана олувчи педагог” тушунчаси билан алмашмоқда. Натижада таълимда ҳам қадриятлар ўзгариши, узоқ йиллик анъана ва тушунчаларнинг моҳияти ўзгариши кузатилаяпти.

Бугун сунъий интеллектни ривожлантириш – рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, инновацион иқтисодиётни шакллантириш ва сифатли хизматлар кўрсатишнинг муҳим шартига айланмоқда. Шу билан бирга, ундан фойдаланишда масъулият, ахлоқий меъёрлар ва инсон манфаатлари устувор бўлиши лозим. Шу боис муаллифлик ҳуқуқлари, ахлоқий жиҳатлар, интернетда киберодоб тушунчалари кун тартибидан ўрин олмоқда.

Энг муҳим масала – сунъий интеллектдан оқилона ва масъулият билан фойдаланиш. Уни тушунган, бошқара олган ва тўғри йўналтирган жамият рақобатда устун бўлади. Чунки келажакни технологиялар эмас, уларни англаб, мақсад сари йўналтира оладиган инсон тафаккури белгилайди.
Сунъий интеллект – бу инсонни алмаштирувчи эмас, балки унинг тафаккурини кучайтирувчи воситадир. Уни тўғри англаган ва оқилона йўналтирган жамият барқарор ривожланиш сари дадил қадам ташлайди.

 

Тоҳир БАХТИЁРИЙ,

Жиззах политехника институти Ўзбек ва хорижий тиллар кафедраси доцени  в.б.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *