МАҲСУЛОТЛАР  ЭКСПОРТ  ҚИЛИНАЯПТИ

Мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ижроси муҳим ҳисобланади. Бу масалага вилоятимизда ҳам катта эътибор қаратилаяпти.

Жумладан, Пахтакор туманидаги “WORLD TRADING COMPANY” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар харидоргирлиги билан ажралиб туради. Корхона ижрочи директори Рустам Таджиев тайёрланаётган маҳсулотлар ва келгусидаги режалар ҳақида шундай деди:

— Бугунги кунда  корхонамизда автомобиллар учун антифриз, ҳаво ва салон фильтрлари, юқори кучланишли ўт олдирувчи симлар ишлаб чиқарилаяпти. Келгусида турли техник мойлар, ойна ювиш суюқлиги каби маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз. Корхонамиз йилига 10 минг тонна антифриз, 600 минг комплект юқори кучланишли ўт олдирувчи симлар, 1 миллион дона ҳаво ва салон фильтрлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Ҳозирги кунда маҳсулотларимиз Марказий Осиё республикалари ҳамда Туркия ва Грузия давлатларига экспорт қилинмоқда. Шу билан бирга ички бозор ҳам таъминланаяпти.

Корхонада 120 нафар ишчи-хизматчилар фаолият кўрсатади. Ишчилар Роҳила Исарова, Иосиф Бочков, Шароф Якубов, Зайдулла Наров, Шаҳобиддин Мамаражабов, Моҳира Жиянова, Бахтиёр Хўжамқулов, Муҳиддин Каримовлар  режа-топшириқларни ўз вақтида бажариб, ҳамкасбларига ўрнак бўлишмоқда.

Экспорт қилинаётган маҳсулотлар сифатининг юқори бўлиши корхона раҳбарларининг доимий назоратида. Шу мақсадда синов лабораторияси ташкил қилинган.

—Лабораториямиз Россия, Хитой, АҚШ, Ҳиндистон каби давлатлардан олиб келинган асбоб-ускуналар билан жиҳозланган, —дейди лаборатория бошлиғи Дилфуза Эгамбердиева.—Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар доимий равишда текширувдан ўтказиб борилади. Ҳар бир маҳсулотимиз жаҳон андозаларига мос бўлиши керак. Бу корхонамизнинг ютуғи ҳисобланади. Шу боис сифат кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратамиз.

Васил ИЛЁСОВ,

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *