Юртимизнинг ҳар куни тўй билан бошланиб, тўй билан тугайди. Бир-биридан чиройли, барча қулайликларга эга тўйхоналар ҳамиша эл хизматида. Айниқса, тўйхоналарга қўйилган “Оқсарой”, “Бексарой”, “Кўҳинур”, “Висол”, “Яккасарой”, “Шоҳсарой”, “Дур”, “Ниҳол”, “Ўзбегим”, “Биллур” каби номларнинг миллийлиги кишини қувонтиради. Қалбда миллий ғурур, миллий ифтихор ҳислари жўш уради. Ҳа, тўйхонада ҳам, тўйда ҳам юрт чиройи бор…
Шу ўринда турли хил хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш масканларини қуриб, ишга тушираётган, энг ачинарлиси, уларга ажнабий ном қўяётган айрим тадбиркорлар тўйхоналардаги ҳамкасбларидан ўрнак олишлари керак, дегим келади. Зотан ном-номусдир. Ном-миллий орият. Номуссизлик, ориятсизлик соғлом фикрли, ватанпарвар ҳар бир кишининг иззатини топтайди.
Тўй одамларни бирлаштиради. Оғайни-қариндошлар, ёру дўстлар, қўни-қўшнилар ва бошқалар хизматда бўлишади. Янги танишлар орттирилади, дўст-биродарлик ришталари мустаҳкамланади. Тўйхоналарга гуррос-гуррос келаётган одамларни кўриб, хаёлимдан шундай фикрлар ўтади: “Қани энди кутубхоналарга, китоб, газета-журнал дўконларига ҳам одамлар ана шундай гуррос-гуррос бўлиб келишса…
Ватан ҳимоясида эл бошига иш тушса ҳам халқимиз мудофаа бўлимларига ана шундай гуррос-гуррос келишлари лозим. Чунки биздаги бундай фаровонликни, тўкинчиликни, энг муҳими, тинчликни кўриб кайфияти бузиладиган, тишларини ғижирлатиб, кўзлари чақчаядиган, кечалари уйқуси келмайдиган ёвуз кучлар, афсуски, ҳали ҳам бор. Улар бизни яна қул қилишдек ёвуз режаларидан қайтган эмаслар. Шу боис тўйга келаётганларга қарата: “Эй, ватандошлар! Доим ҳушёр бўлинглар! Кўп овқат ейиш инсонни бепарво, тамбал қилади, ғафлатда қолдиради”, дегим келади.
Чунки тўйда Ватан бор, озод Ватанда шундай тўй бор.
Тўйхонага киргач, меҳмонлар тўй эгасини чин дилдан қутлаб, совғасини нақд пул шаклида узатади. Шу жойда яна хаёл бўлинади: “Нега ҳеч ким қўл ювмайди? Тўй оқсоқоллари ҳам қўл ювишга чорламайди. Ахир уйдан чиққанимиздан сўнг машинанинг турли қисмларини ушладик. Қанча кишилар билан кўришдик. Пулни ушладик. Шундан кейин қўл ювилиши керак-ку!”
Тўйларимизда (ҳамма билан кўришгандан, совға улашгандан сўнг) қўл ювишни йўлга қўйишимиз лозим. Чунки озодалик озод Ватанга, ҳур миллатга жуда ярашади.
Шоҳона безатилган дастурхонда қимматбаҳо, тансиқ, хилма-хил таомлар шунчалик кўпки, ош келтирилганда товоқни қўйишга жой топиш қийин бўлиб қолади. Меҳмонлар бу таомларнинг ҳаммасини емайди, албатта. Кўпчилик бир неча пиёла чой ичади ва бир неча тўғрам нон билан қаймоқ, озроқ яхна гўшт, ош ейди. Шунда савол туғилади: Ейилмай қолган таомлар нима бўлади? Ёки исрофгарчиликнинг бошқа шакллари амалга оширилса-чи?!
Айни таомланаётганда видео ва фотокамералар меҳмонлар қаршисига келиб олади. “Нақадар одобсизлик!”… Баъзи тўйхоналарда бир хил бичимдаги чиройли кийим, дўппи кийган йигитлар хизматини кўриб, кўнгил яйрайди. Агар улар хизмат жараёнида меҳмонлар билан саломлашишни , одоб билан кузатиб қўйишни ҳам ўрганишса соз бўларди.
Баъзи тўйхоналарда эса атлас ёки адрасдан калтача кийиб олган йигитлар учрайдики, бу ҳолат кўнгилни хира қилади. Чунки атлас ва адрас фақат хотин-қизларга ярашади. Агар бу камчилик тузатилмаса, бора-бора аёлмижоз эркаклар пайдо бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Яна бир мулоҳаза. Тўй аслида фақат хурсандчиликдан иборат бўлиши керак. Афсуски, кейинги йилларда пайдо бўлган турли бидъатлар туфайли биз тўйни машаққатга айлантириб олдик. Ҳа, ишонаверинг тўй-машаққат.
Ўзбекистон буюк келажак сари бормоқда, деймиз. Ўзбеклар келгусида дунёнинг олд миллатларидан бирига айланишини орзу қиламиз. Бу орзу амалга ошиши учун жаҳоннинг илғор миллатларидан ибрат олишимиз керак. Улар бор топганини минглаб кишиларга дастурхон ёзиб, меҳмон чорлашга эмас, балки, илм-маърифатга, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга сарфлашмоқда. Тўйларни эса исрофгарчиликсиз, оддий, камтар, камчиқим тарзда ўтказмоқдалар. Бизнинг тўйларимиз бўйича ҳам энг тўғри йўл ана шудир.
Бугун дунёнинг турли давлатларида ўзини гоҳ ўтга, гоҳ чўққа уриб, ориятини, миллат қадрини, Ватан шаънини чил-парчин қилиб юрганларнинг аксарияти катта тўй қилиш орзусида эканлигини эсласам, бундай ният мамлакат, халқ тараққиётига тўсиқлиги кўз ўнгимда гавдаланади. Афсус, минг афсус!
Товбой ХЎЖАМБЕРДИЕВ.