“Ёш китобхон” танловининг Жиззах вилоят босқичи бўлиб ўтди

Бешта муҳим ташаббус доирасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон” танлови минглаб ёшларни ўзига бирлаштирмоқда. Ўғил-қизларнинг маънавиятини юксалтириш, уларда китобга муҳаббат уйғотиш, ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ва китобхонликни шакллантириш мақсадида ташкил этилаётган мазкур танловда кўплаб иқтидорли ёшлар кашф этилаётир.

Жиззах кибер спорт аренасида мазкур танловнинг Жиззах вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда танловнинг туман ва шаҳар босқичида ғолибликни эгаллаган ёшлар уч ёш тоифаси бўйича ўз билимларини яна бир карра намойиш этишди. Ҳудудий босқич иккита шарт бўйича ўтказилди. Танловда республикадан ташриф буюрган таниқли адабиётшунослар, шоир ва таржимонлар ҳакам сифатида иштирок этишди. “Бадиий асарлар билимдони” шартида ўзбек  ва жаҳон адабиётига оид тегишли китобларнинг мазмун-моҳияти, ғояси ва аҳамиятини иштирокчилардан шарҳлаб бериши сўралди.  “Тезкор савол-жавоб”да экспертлар комиссияси томонидан тавсия этилган адабиётлардан тузилган саволларга жавоб бериш сўралди.

—Танловнинг вилоят босқичида иштирокчилар ўзларининг қанчалик китобсеварлигини, дунёқараши кенглигини намойиш этишди, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бўлими ахборот хизмати бошлиғи Жаҳонгир Намозов.—“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилаётган китобхонлик лойиҳалари ёшларимиз учун келажакни ёритиб турувчи маёқ кабидир, шу сабабли, ҳар йили фаол қатнашувчи ўғил-қизлар сони тобора ортиб бораяпти.

Танлов натижаларига кўра, 10-14 ёш тоифасида 1-ўринни  Янгиобод туманидан Дурдона Облоқулова, 2-ўринни  Фориш туманидан Севинч Равшанова, 3-ўринни Бахмал туманидан Райхона Абдуолимова эгаллади.  15-19 ёш тоифасида эса 1-ўринни Зомин туманидан Севинч Эшқўзиева, 2-ўринни Фориш туманидан Мадина Абдуллаева, 3-ўринни Бахмал туманидан Санжана Собировалар қўлга киритди. 20-30 ёш тоифасида 1-ўрин Мирзачўл туманидан Шохрух Турсунбоевга, 2-ўрин Бахмал туманидан Фарангиз Абдураҳмонова, 3-ўрин  Жиззах шаҳридан Хожиакбар Баратовга насиб этди. Иштирокчилар бадиий асарлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. Ғолиблар танловнинг республика босқичида иштирок этишади.

 Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *