“Китоб ўқиган, ўзини устида ишлаган одамда қанот бўлади. У бефарқ бўлмайди. Унинг кучи билимида бўлади. Шунинг учун ҳеч кимни писанд қилмайди. “Катталар”га хушомад қилмайди. Унинг билими бор, илми бор. Мана нима учун китоб ўқинглар деймиз. Китоб ўқисангиз савол беришни биласиз”.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти.
Кейинги етти йил мобайнида амалга оширилган ишларни кўриб, ҳайратланмасликнинг иложи йўқ. Шаҳар ва маҳаллалар қиёфаси бутунлай ўзгариб кетди. Зарбдор тумани марказига кириб борар эканмиз шу гаплар хаёлимиздан ўтди. Ҳақиқатан ҳам йўл ёқасидаги гўзал ресторанлар, қаҳвахона ва чойхоналар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, уларнинг савлатини кўриб, шохобча дейишга тилингиз бормайди. Марказий кўчада қўр тўкиб турган туман ҳокимлиги, маъмурий идоралар, нариги кўчадаги кўп қаватли турар-жой бинолари, уларнинг моҳабатига тикилсангиз бошингиздаги дўппингиз тушиб кетади.
Гапнинг очиғи биз Зарбдорга чиройли биноларни томоша қилишга бормагандик. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йилнинг 22 декабрь куни республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтганлигидан хабарингиз бор. Йиғилишда давлатимиз раҳбари 9 та йўналишда ўз фикрларини билдириб, муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Қолаверса, йиғилишда жамиятимизда китобхонлик маданиятини ошириш қўллаб-қувватланиши, ижодий буюртмалар, муаллиф ва таржимонларга қалам ҳақи кўпайтирилиши,нашриёт ва матбаа корхоналарининг молиявий имкониятларини кенгайтириш мақсадида 5 йилга солиқлардан озод бўлиши эълон қилинди. Интернет адабиётини ривожлантириш ҳам муҳимлиги таъкидланиб, шу мақсадда адабиёт, кино, тарих, санъат, фолклор намуналарини қамраб олган «Ўзбек маданияти» порталини яратиш вазифаси қўйилди.
Жумладан, вилоят ҳокимлигида ўтган ижроия идора йиғилишини вилоят ҳокими маънавият ва маърифат мавзуси билан очиб, соҳани ривожлантириш йўлидаги дорлзарб вазифаларни белгилаб берди.
Маънавият ҳам, маърифат ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Инсон қалби, онгининг бу икки марвариди китоб ўқиш орқали яралади. Китоблар қалбимизни илитади, кўнглимизни ёритади, бахтли ва саодатли, нурли кунларга бошлайди. Дунёни фақатгина илм билан забт этиш мумкин эканлигини англаймиз. Илмни мустаҳкам эгаллашнинг йўли эса битта, яъни – китоб ўқиш.
Зеро, яхши китоб инсоннинг кўнгил кўзгусини поклайди, энг асосийси, одамларни тушунишга, кечиришга, эзулик сари интилиб яшашга ундайди. Шунинг учун халқимиз азалдан илм-маърифатга ошуфта бўлган, китоб ўқишга қаттиқ муҳаббат қўйган. Юртимиздан донғи дунёни тутган улуғ олимлар, алломалар ва мутафаккирларнинг кўплаб чиққани ҳам бежиз эмас. Илмли зиёлилар у ёқда турсин, оддий ҳунарманд косиб ёки деҳқоннинг хонадонида узун қиш кечалари оилавий китобхонликлар бўлган, саводхон кишилар оила аъзоларига турли диний, илмий китобларни ўқиб берган. Матбаачилик ривожланмагани, китоблар хаттотлар томонидан қўлда кўчирилганига қарамай, ота-боболаримиз ҳамиша китобга интилган, китобни ардоқлаган, ўқиганларини бошқаларга ёйган. Биз шундай илм-фан ватанининг фарзандлари эканимиздан фахрланишга ҳақли ва ўтган аждодларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга бурчлимиз. Бунга эса улар қолдирган бой меросни пухта ўрганиш, инсонларга фойда келтирувчи барча илмларни ўзлаштириш ва уни фарзандларимизга ҳам ўргатиш орқали эришамиз.
Биз энг сўнгги русумдаги уяли алоқа аппаратлари билан “қуролланган” замонда яшаяпмизки, бу технологияларнинг “каромати” ёшларнинг аксариятини фикрлашдан, тафаккур қилишдан мутлақо мосуво қилиб қўяётгани ҳеч кимга сир эмас. Ёшларимизга уларнинг эртанги кун камолотига китоб мутолааси нечоғли зарурият эканлигини тушинтириш учун ҳам бугун уларнинг қўлига китоб тутқазишимиз керак. Ана шу мақсадда кутубхоналар жавонидаги китоблар сонини янада оширишга ҳаракат қилишимиз, кутубхоналар эшикларини эса ёшу қари учун доимо очиб қўйишимиз зарур.
Зарбдор тумани ахборот-кутубхона марказининг эшиги қай тарзда очиқлигини кўриш учун туман касб-ҳунар мактабида жойлашган китоблар масканига йўл олдик. Мактабнинг иккинчи қаватида жойлашган кутубхонанинг абонентлар залига киришимиз билан ҳафсаламиз пир бўлди. Бу ерда кутубхоначилар ҳам, китоб олишга келган китобхонлар ҳам қишки кийимларга ўраниб-чирманиб олишган, хона жуда совуқ эди. “Ўқув зали ҳам шундай совуқ бўлса, китобхонларнинг аҳволи қандай экан?” деган ўй билан ахборот кутубхона маркази директори Ўткир Тўхтаевга юзландик.
— Кутубхонамизнинг ҳамма бўлимлари шу хонага жойлашган, -деди у гўё кутубхонанинг шундай аҳволга келиб қолганига ўзи айбдордай. — Ўз биномиз бўлмагандан кейин шу шароитга кўникиб ишлаяпмиз.
Арнасой туманида сафарда бўлганимизда кутубхонасида ўтаётган “Китоб фестивали”да иштирок этгандик. У ерда ўқувчи ва ёшу қари китобхонларнинг кўзидаги чақноқ нурни кўриб ҳавасимиз келганди. Кутубхонада китобхон учун ҳамма шароит муҳайё қилиб қўйилган, компьютер қаршисида ўтирган болакайлар ўзларига керакли адабиётлардан парчаларни кўчириб олишмоқда, бир томонда китобсеварлар гуруҳи учун тўгарак машғулоти ўтаяпти.
Китоб — қалб чироғи, тафаккур қаноти. Айниқса, китобдан тараладиган ва электрон нашрдан топиб бўлмайдиган ўзига хос ёқимли ҳидни туйиб, варақлаш асносида мўъжизавий саҳифаларнинг сирли шитирлашидан кўнгил чексиз завққа тўлган ҳолда китоб мутолаа қилиш, унинг мазмуни ҳақида тенгдошлар билан фикр алмашишнинг ҳузур-ҳаловати тамоман ўзгачадир. Соҳибқирон Амир Темур таъбири билан айтганда, “Китоб (битиг) барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни яратувчи мураббийдир”. Шу маънода, шаклидан қатъий назар, барча китоблар миллий ўзлигимиз ҳамда умуминсоний қадриятларни тарғиб этишга хизмат қилади. Алишер Навоий ҳазратлари дейдиларки, “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.
Очиғини айтганда биз Арнасойдагидай шароит ҳамма туманларда яратилган бўлса керак деган хаёлга боргандик. Зарбдорда бунинг бутунлай аксини кўрдик.
АКМ дастлаб Халқ демократик партиясига қарашли бинога жойлашган экан.
— У ерда ҳар ҳолда шароит бор эди. Китобхонлар билан гавжум бўларди кутубхонамиз. Кейин билсак биз ижарада турган эканмиз, -дейди кутубхона бўлим бошлиғи Умид Эҳсонов. — Ижара ҳаққини тўлай олмаганимиз учун бино эшигини ёпиб, муҳрлаб ташлашди. Партия бизни судга бериб ижара ҳаққини ундириб олди.
Ажаб савдолар, ёшларни, халқни ўқимишли қилишни мақсад қилиб қўйган сиёсий партия кутубхонанинг ашқал-дашқалини йиғиштириб, биносидан ҳайдаб чиқарибди. Пулга бориб тақалганда ҳеч нарса кўзга кўринмай қолар экан-да. Ахир, кутубхонадан текин китоб олиб ўқиётган одамлар орасида ўша партиянинг ҳам электорати бор эмасмикин?!
Шундай қилиб, Зарбдор ахборот-кутубхона маркази уйи йўқ беданага айланди. Ҳайтовур туман касб-ҳунар мактабидан жой топилди. Улар кўчиб келгани, қандай жойлашгани билан ҳеч ким қизиқиб ҳам кўрмайди. Касб-ҳунар мактабидан аввал уч хона ажратилган бўлса, кейинчалик “Ўзимизга ҳам керак бўлиб қолди” деб иккита хонани олиб қўйишади. Шу тариқа кутубхонанинг ҳамма китобларию мебеллари битта хонага тиқиштирилди. Кейин маълум бўлишича шу ягона хонанинг ҳам ярмига касб-ҳунар мактабининг кутубхонаси жойлашган экан.
Биласизми, Ўзбекистондаги ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятининг миллий модел стандартида ахборот-кутубхона соҳасида хизмат кўрсатиш ва улар учун жой ажратиш аниқ кўрсатиб қўйилган. Хусусан, турли ахборот ташувчи мосламалар (ўқув зали, медиатека) орқали ахборотни олиш майдони, давлат электрон ахборот-кутубхона ресурсларига, Миллий умумтаълим электрон кутубхона каналига кириш майдони, маълумотлар базаси, давлат ахборот тизими, халқаро нашриётлар ва ахборот агрегаторларининг хорижий тўлиқ матнли илмий-таълимий маълумотлар базаларига кириш майдони, ахборот-кутубхона фондини сақлаш (китоб сақлаш омбори, кўргазмалар) майдони, мавжуд массивлар ва ресурслар тўғрисида маълумотлар олиш канали (каталог, кортатекалар, маълумот-биография хизмати)…
Буларнинг ҳар бири алоҳида хонага ёки залга жойлаштирилиши лозим. Ахборот-кутубхона маркази фақат китоб тарқатади деб ўйласангиз хато қиласиз. Хорижий тилларни ўрганаётган ёшлар, ўқувчилар шу ерга келиб мустақил ишлаш, компьютерда жаҳон адабиёти дурдоналарини ўқиши учун шароит яратилиши лозим. Бу йил Зарбдорда неча нафар ўқувчи IELST ёки миллий сертификат олди? Бундан туман раҳбарларининг хабари борми? Бундай сертификат эгалари олий таълимга синовсиз қабул қилинаётгани учун юзлаб ёшлар ва ўқувчилар кутубхоналарда жиддий тайёргарлик кўришмоқда. Албатта шароити бор кутубхоналарда! Зарбдор АКМида атиги учта компьютер бор, холос. Уларга 100 тагина китоб электрон тарзда киритилган.
Зарбдор АКМида 22068 та китоб фондига эга ва 3697 нафар китобхон бор экан. Хўш, 94 мингдан ошиқ аҳоли яшайдиган туман учун бу кўпми ёки кам? Аҳолининг 4 фоизигина китобхон экан.
Республика Миллий кутубхонаси ва Шароф Рашидов номли ахборот-кутубхона маркази томонидан ўтган йиллар давомида Зарбдор АКМига 2371 нусха китоб етказилиб берилган бўлса, туман томонидан китоб сотиб олиш учун 1 сўм ҳам ажратилмаган.
Айни кунларда бутун мамлакатимизда Навоийхонлик, Бобурхонлик кунлари, фестиваллари ўтмоқда. Улуғ боболаримизга бағишланган китоблар кўргазмалари ташкил этилмоқда. Юқорида Арнасой кутубхонаси бежиз тилга олинмади. Бу кутубхона ҳомийлар ёрдами билан барпо этилганди. Агар ҳозир борсангиз ўша кутубхонада кўргазмалар, Навоий ва Бобур ҳазратлари ҳаёти, ижоди ҳақида деворий газеталар чиқариб қўйилганига гувоҳ бўласиз.
Ҳозирги кунда кўпчилик ёшларимиз мактаб дарсликларида берилган Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар», Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз», Ойбекнинг «Навоий» каби асарларидан келтирилган парчалар билан таниш, холос. Ҳатто баъзилари дарсликда берилган парчани ўқиб, «Мен фалон асарни ўқиганман» ҳам дейди. Кутубхоналарга бўлган муносабат шундай экан, бундай манқуртлик давом этаверади.
«Тарихдан маълум, Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур», дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида. Дарҳақиқат, бугунги авлод Навоий, Бобур, Фузулий, Огаҳий каби мумтоз адабиётимиз намоёндалари, миллатим билимли бўлсин деб ҳаётидан кечган жадидчи боболаримиз асарларини ўқимас экан, китоб мутоаласи, китобхонлик ҳақидаги гапларимиз қуруқ сафсата бўлиб қолаверади.
Асад МУСТАФОЕВ.
“Жиззах ҳақиқати”