Энам Анор Абдураззоқованинг пиру бадавлат ёшда ҳам руҳан, ҳам жисмонан тетиклигига ҳавасим келади. Бир мен эмас, 13 нафар фарзанд, 38 нафар невара, 66 нафар чеваралари ҳам катта энамизнинг тўрт мучаси соғлигидан қувонамиз. Беш йил муқаддам игнага ип ўтказишдан қолган бўлса-да, ҳамон газета-китобларни кўзойнаксиз ўқишига нима дейсиз? Ёш-яланглар, келинлар турганда ҳам бир нималарга уннаб кетишини айтмайсизми? Сизга ёлғон туюлар, аммо Ғаллаорол тумани Саврук қишлоғида яшовчи Анор она Абдураззоқова 90 ёшни қаршилаганига қарамай, ҳалол ва озода, тартибли ва камтар яшагани учун тенгдошларигина эмас, ёшлар учун ҳам ибратли ҳаёт йўлига эга.
У 1934 йилда ҳозирги Шароф Рашидов тумани Куёвбоши қишлоғида таваллуд топди. Ўрта таълимни тугатгач, 17 ёшида отам Абдуваит Абдуразоқов билан турмуш қурди. Отам Яккабоғ туманида, сўнг Ғаллаорол туманидаги 2-Ғаллаорол совхозида ветеринария бўлими бошқарувчиси бўлиб ишлаган. Энам уй бекаси бўлиб, икковлари 13 нафар фарзандни вояга етказишган. Эътиборлиси, 9 нафар қизли бўлишган бўлса, уларнинг ҳаммаси олий таълим даргоҳларида ўқишган. Аммаларимнинг айтишича, қизларни ўқитиш жоиз бўлмаган даврларда Тошкент, Самарқанд каби катта шаҳарларда ўқиб, шифокор, ўқитувчи касбини эгаллашига отамнинг кенг дунёқараши, энамнинг рағбати сабаб бўлган экан. Шу тариқа 10 нафар фарзанд олий маълумотли, қолганлар ўрта-махсус таълим олишган.
Отам 2006 йил Ҳаж сафарини адо этганидан сўнг тўрт йил яшаб, 2010 йил 80 ёшида вафот этди. Шундан буён орадан ўн тўрт йил ўтиб, энам катта оиламизга дуолари, ибратли ишлари, серҳаракат ҳаёт тарзи билан бошчилик қилиб келмоқда. У ҳамон амакимнинг ишхонасига келадиган газета-журналларни ўқиб чиқади. “Телевизор кўришдан кўра китоб ўқиш, газеталарни варақлаш зеҳнни оширади, нутқни бойитади. Соатлаб экранга кўз тикиб ўтирганда вақтинг кетганини ҳам, ҳаракатсиз ўтирганингни ҳам сезмайсан. Киши кўп ҳаракат қилиб, кўп фикрлаши керак” дейди бизларга. Телефон экранига кўз тикишни аллақачон одат қилган чевараларини ҳам шундай тартибга чақиради.
Очиғи, энамнинг тўқсон ёшда ҳам тўрт мучаси соғлигини қалб ва фикр равшанлиги, доим яхшиликка интилиши, ҳаётдан ҳикмат излаб яшашида деб биламан. Оллоҳ умр берса, юзни ҳам мана шундай ақли, қалби, жисми ва иймони бут ҳолда кутиб олишига кўзим етади. Набиралик меҳри билан ёзилган мана шу митти мақолани ўқиётганини кўз олдимга келтириб, бахтдан қувониб кетяпман. Шундай азиз ва мукаррам бўлиб кексайиш ҳар биримизга насиб этсин! Набиралари номидан
Муҳайё ИСРОИЛОВА,
Бахмал туманидаги 35-умутаълим мактабнинг
олий тоифали бошланғич синф ўқитувчиси.