Зарбдор туманига яқин орада ташриф буюрган киши бу ерда сўнгги йилларда ижтимоий-иқтисодий, аграр ва саноат соҳасидаги туб ўзгаришларни кўриб, кўнгли ёришади. Илгари асосан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ушбу ҳудуд бугунги кунда замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, янги иш ўринлари ва экспортбоп маҳсулотлар билан эътиборни тортмоқда.
Айниқса, аҳоли бандлигини ошириш, ҳудуд ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган инвестицион лойиҳалар изчил ҳаётга татбиқ қилиняпти. Ана шундай истиқболли ташаббуслардан бири туманнинг Янгиобод маҳалласида барпо этилган “Дениз Текстиль МЧЖ ХК” тўқимачилик корхонасидир. Ушбу ишлаб чиқариш маскани қисқа вақт ичида нафақат туман, балки вилоят саноати ривожида муҳим ўрин эгаллаб улгурди. Туркиялик инвесторлар томонидан 2023 йилда барпо этилган ушбу ишлаб чиқариш мажмуаси кунига 20 мингга яқин турли трикотаж маҳсулотларини тайёрлаш қувватига эга. Корхонанинг илғор ускуналар билан жиҳозланганлиги маҳсулот сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш имконини беради. Корхонада тайёрланган ўндан ортиқ турдаги кийим-кечаклар бугунги кунда Россия, Қозоғистон, Англия ва Польша бозорларини тўлдирмоқда. Чет эллик тадбиркорларнинг миллий маҳсулотларимизга бўлган қизиқишининг ортиши натижасида йиллик экспорт ҳажми айни пайтда 16 миллион АҚШ долларига етди.
—Буюртмалар сонининг кўпайиши, сифат ва технологик жараёнларнинг такомиллашуви ишлаб чиқариш самарадорлигини сезиларли даражада оширишга хизмат қилмоқда, —дейди корхона раҳбари Ясин Кочак. — Корхонада ҳозирги кунда 800 нафардан зиёд ишчи ва ходимлар доимий иш билан таъминланган. Аҳолининг бандлик фоизини ошириш, малакали мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг меҳнат шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Жорий йилда яна 300 нафар маҳаллий аҳоли вакилларини ишга олишни мўлжаллаяпмиз.
Ушбу корхона ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми, яъни 95 фоизи экспортга йўналтирилаётгани корхонанинг рақобатбардошлилигини таъминлайди. Шу билан бирга текстиль фабрикаси туман аҳолиси учун муҳим ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Бандлиги таъминланган фуқароларнинг асосий қисми маҳаллий ёшлар ва хотин-қизлардан иборат. Бу эса мамлакатимизда аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш ва меҳнат миграциясини камайтириш бўйича олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
Экспорт ҳажмини ошириш, янги хорижий ҳамкорлар билан шартномалар тузиш ва савдо географиясини кенгайтириш жамиятнинг асосий стратегик мақсадларидан биридир. Бу эса корхонанинг валюта тушумларини кўпайтириш ва туман экспорт салоҳиятини оширишга катта ҳисса қўшишини таъкидлаш жоиз.
— Кейинги йилларда туманимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, маҳаллий ва хорижий сармоядорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш устувор вазифа этиб белгиланган, — дейди Зарбдор туман ҳокимининг ўринбосари, инвестициялар, саноат ва савдо бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ўразалиев. — Якунига етган йилда 39,6 млн долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилиб, бу борада белгиланган режа 142 фоизга бажарилганини қайд этиш керак. Бунда саноат маҳсулотларининг улуши катта миқдорни ташкил этади (29,9 млн доллар). Жорий йилда ушбу кўрсаткични 41,8 млн долларга етказиш режалаштирилган. Инвестиция муҳитини янада яхшилаш учун инфратузилмани ривожлантириш, логистика имкониятларини кенгайтириш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.