АЭС қурилиши электр энергияси муаммоларини ҳал этадими? Унинг атроф-муҳитга таъсири қандай? Авариявий ҳолатлар рўй бермаслиги учун қандай ҳимоя тизимлари мавжуд? Бу каби саволларга тез кунларда Ўзбекистон Республикасида атом электр станцияси қурилиши лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшитувларида батафсил жавоб топиш мумкин.
-Жамоатчилик эшитувлари шу йилнинг 23 декабрь куни 11:00 да Фориш тумани, Боғдон аҳоли пунктида жойлашган 30-сон Маданият марказида бўлиб ўтиши режалаштирилган. АЭСнинг атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш материаллари асосида ишлаб чиқилган техник хусусияти бўлмаган резюме олдиндан ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли эътиборига ҳавола қилинди. Унда АЭС қурилиши, эксплуатацияси билан боғлиқ барча маълумотлар ўрин олган, – дейди вилоят Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Замира Абдуллаева. – Шунингдек, лойиҳа бўйича таклифлар ва мурожаатларни қабул қилиш учун электрон манзиллар ҳам ишлаб турибди.
Таъкидлаш жоизки, жамоатчилик эшитуви жамоатчилик назоратининг бир шакли бўлиб, жамият манфаатларига дахлдор масалаларни муҳокама қилиш учун ташкил этиладиган йиғилиш бўлиб, оммавий ва очиқ ўтказилади. Мавзуга қизиққан ва бефарқ бўлмаган барча фуқаролар, ОАВ ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари ташкил этилаётган тадбирда фикр ва таклифларини билдириш имконига эга бўлишади.
(ўз мухбиримиздан)