Велоспортнинг ВМХ-рейсинг тури бўйича ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатига Жиззах шаҳри мезбонлик қилди.
Республикамизнинг деярли барча вилоятларидан ташриф буюрган 155 нафар велоспортчи икки кун мобайнида яккалик ва жамоавий пойга баҳсларида ўзаро беллашдилар.
Вилоятимиз велоспортчилари ҳар иккала йўналишда ҳам совриндорлар сафидан жой олишга ҳаракат қилишди. Яккалик пойгаларида иштирок этган вилоятимиз терма жамоаси аъзоси Иброҳим Абдувоҳидов ўсмирлар гуруҳида биринчи бўлиб маррага етиб келди. Ўсмир қизлар ўртасидаги баҳсларда Мадина Абдусатторова иккинчи, кичик ёшдаги ўсмир қизлар орасида Гулмира Жаилова учинчи ўринни қўлга киритди.
Жамоавий пойгаларда эса вилоятимиз ўсмирлари биринчи, кичик ёшдаги ўсмирлар ҳамда кичик ёшдаги ўсмир қизлардан таркиб топган велоспортчиларимиз фахрли иккинчи ўринга лойиқ деб топилдилар.
Мусобақа якунида совринли ўринларни эгаллаган спортчиларга республика Спорт вазирлигининг диплом ва медаллари, Жиззах вилоят спорт бошқармасининг эсдалик совғалари топширилди.
Бугун вилоятимиз терма жамоасининг бош мураббийи Анвар Артиқбоев бошчилигида 12 нафар велоспортчиларимиз пойтахтимиз Тошкент шаҳрида 4 июлга қадар давом этадиган велотрек бўйича ёшлар ва қизлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатига жўнаб кетдилар.
Жаҳонгир АЛИБОЕВ.