Эҳсон — халқимизнинг азалий қадриятларидан. Унда инсоннинг инсонга бўлган меҳр-оқибати, саховати ва бағрикенглиги мужассам. Ота-боболаримиздан мерос бу эзгу анъана асрлар давомида халқимиз маънавий ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб кетган.
Бугун юртимизда неча асрлардан буён давом этиб келаётган ана шу қадриятлар замонавий ташаббуслар билан уйғунлашиб, турли хайрли амалларда намоён бўлмоқда.

Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига меҳр-эътибор кўрсатиш мақсадида уларнинг хатна тўйи ўтказилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган хайрия тадбирида 2 ёшдан 11 ёшгача бўлган 35 нафар болажонларга хурсандчилик улашилди.
Болаларга байрам муносабати билан велосипед, костюм-шим, кўйлак, оёқ кийимлари ҳамда яна бошқа турли хил совға-саломлар тақдим этилди.
Болаларнинг яқинлари ва жамоатчилик вакиллари учун байрам дастурхони ёзилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Саҳобиддин Болиев иштирок этди. У эзгу ташаббуснинг моҳияти ҳақида тўхталар экан, бу каби хайрли ишлар ҳар йили анъана тарзида ўтказиб келинаётганини алоҳида таъкидлади. Тадбир мустақиллик байрами арафасида ташкил этилгани ҳам юртимизда инсон қадри нақадар баландлиги, фаровон ҳаёти учун кенг имкониятлар яратилаётганидан нишона бераётгани ҳам қайд этилди.
Дарҳақиқат, инсоннинг бошқа бир инсонга яхшилик қилишидан туғиладиган қувончнинг ўзига хос таровати бор. Бу қувончни на бойлик, на мартаба билан ўлчаб бўлади.

– Турмуш ўртоғим икки йил аввал инсультни бошидан кечиргани боис ҳозирда биринчи гуруҳ ногирони. Шу сабабдан оиламиз маҳалла томонидан ижтимоий ҳимояга олинган. Тўрт нафар фарзандимиз бор. Оилавий шароитимизни инобатга олиб бугун кичик ўғлимнинг хатна тўйини ўтказиб беришаяпти. Бунинг учун аввало, юртбошимизга катта раҳмат айтаман. Шунингдек, бизни қўллаб-қувватлаб турган барча инсонлардан миннатдорман, – дейди Ғаллаорол туманидаги Дўстлик МФЙда истиқомат қилувчи Нилуфар Омонова.
Ҳа, яхшиликнинг энг гўзал жиҳати ҳам шунда — у бир инсонга қилинса-да, унинг таъсири бутун бир оила қалбида акс этади.
– Бундай эзгу ишлар юртимизга барака, тинчлик ва файзу футуҳ олиб келади. Шунинг учун ҳар йили анъанамизга кўра, кўнгли ўксик бўлган юртдошларимизнинг фарзандларини бу ерга таклиф қилиб, қўлимиздан келганича уларга байрамона кайфият улашиш, руҳиятини кўтариш ҳаракат қиламиз, – дейди Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонхон Жабборов. – Бугун 35 нафар боланинг чеҳрасида акс этган қувонч, уларга улашилган совғалар, дастурхон атрофидаги самимий суҳбатлар ва эзгу ниятлар ана шу қадриятларнинг ҳаётий ифодаси бўлди.

Эзгуликнинг қиммати унинг давомийлиги ва инсон ҳаётида қандай ўзгариш ясай олиши билан белгиланади. Хайрли тадбирнинг давоми сифатида Ғаллаорол тумани, Жийдали маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Шўрчи қишлоғида истиқомат қилувчи, биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган Дилшод Турдолиевга янги қуриб битказилган 4 хонали уй тантанали тарзда топширилди.
Мазкур хонадон «Вақф» хайрия жамоат фонди ташаббуси, саховатпеша инсонлар ва ҳомийларнинг хайрия маблағлари ҳисобидан бунёд этилди. Хонадонда уй эгалари учун барча зарур шароитлар яратилган.
Бу эзгу ташаббусда ҳам халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва бағрикенгликнинг ёрқин ифодасини кўриш мумкин. Зеро, эҳтиёжманд инсонга ёрдам қўлини чўзиш — унинг нафақат бугуни, балки келажагига ҳам умид ва ишонч улашишдир.
Шаҳноза МАНСУРОВА.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).