Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ва Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятида чигиртка галаларининг бўрондек ёпирилиб учаётгани акс этган материаллар тарқалди. Уларнинг экинзорларни пайҳон қилиши ва озиқ-овқат тақчиллигига олиб келиши мумкинлиги ҳам истисно этилмади. Мухбиримиз Ўсимликлар карантини ва ҳимояси вилоят бошқармаси тасарруфидаги чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати бошлиғи ўринбосари Илаш АҲРОРҚУЛОВ билан боғланиб, Жиззах вилоятида чигирткага қарши кураш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот олди.

-Интернетда ҳудудларда чигиртка галаларининг зарари ҳақида турли расм ва видеолар тарқалган бўлса-да, уларнинг бартараф этилиши бўйича айтарли ёритилмаганини таассуф билан айтиб ўтишим жоиз, – дейди Илаш Аҳрорқулов, – Хизмат ходимлари воқеа жойига келиб, махсус воситалар билан ишлов беришгач, зараркунандалар миграциясига 20 дақиқада чек қўйилди. Шу сабаб айни пайтда юртдошларимизга воҳамизда чигирткага қарши курашда амалга оширилаётган ишлар хусусида тўлиқроқ маълумот бериш лозим.
Аввало чигиртка каби зараркундаларга қарши кураш бўйича автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилганини айтиш ўринли. Рақамлаштириш ҳудудлар, майдонларнинг айни вақтдаги ҳолати, ундаги зарарланиш, чигирткалар кўчиши, ривожланиш фазалари каби маълумотларни реал вақт шароитида қўлга киритиш, электрон далолатномалар тузиш имконини беради. Шу асосда қўшни давлатлар билан ҳамкорликда чора-тадбирлар амалга оширилади.
Жиззах вилояти республикамиз бўйлаб чигирткага қарши кураш тизимли ва самарали йўлга қўйилган ҳудуд ҳисобланади. Чунки зарур техникалар ва мутахассислар билан тўлиқ таъминланганмиз. Хусусан, ҳар иккита туманга бир нафар мутахассис ва икки нафар агроном бириктирилган. 4 та Тойота пикап, 8 та трактор, 30 та махсус препарат пурковчи техника, ҳатто дельтаплан мавжуд. Бу техникалар ёрдамида тунда чигиртка кўпайиши ва босиши эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларга биологик ва кимёвий ишлов берилди. Хусусан, бир гектар ерга 100 грамм кимёвий препарат ва 100 литр сув аралашмаси сепилганда, чигиртка кўпайишининг олди самарали олинади. Махсус препаратлар қон айланиш тизимига эга бўлган жонзотлар учун зарарсиз.

1 апрелдан юртимизда чигирткаларга қарши кураш мавсуми бошланди. Бу даврда улар тухум қўйиб, кўпайишга киришадилар. Чигирткани 2 ёшгача бўлган даврда йўқотиш муҳим, ундан кейин эса бефойда ҳисобланади. Улар жуда тез кўпайиб, ўсимлик турига қарамасдан, тез еб битиради. Шу сабаб илмий прогнозлардан ташқари, ҳудудлардаги чўпонлар, фермерлар, маҳаллий аҳоли билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, чигирка галалари пайдо бўлганда зудлик билан хизмат вакилларига хабар беришлари сўралади. Айниқса, трансчегаравий ҳудудларда дорилаш ва кимёвий ишлов бериш ишларига катта аҳамият қаратилади.Ҳамкорликдаги тадбирлар натижасида шу пайтга қадар вилоятимизда чигиртка кўпайиши ҳолатлари учрагани йўқ.
Аслида вилоятимиз иқлими ва табиий жойлашуви сабаб чигирткалар учун жуда қулай ҳудуд. Ҳар йили чигиртка галаларининг қўшни давлатлардан ўтиб келиш хавфи мавжуд. 2024 йилда 87 210 гектар ерда кимёвий ишлов бериш белгиланган бўлиб, ҳозирга қадар ишларнинг 80 фоизи бажарилди.
Муқаддас САПАРОВА ёзиб олди.