ҚОЗОҒИСТОН ЭЛЧИСИ БОШЧИЛИГИДАГИ ДЕЛЕГАЦИЯ BMB HOLDING КОРХОНАЛАРИДА БЎЛДИ

​Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ерали Тугжанов бошчилигидаги делегация Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Ташриф давомида меҳмонлар дастлаб Жиззах вилояти ҳокимлигида бўлиб, ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти ва инвестициявий имкониятлари муҳокама қилинган учрашувда иштирок этдилар.


Шундан сўнг делегация аъзолари “Жиззах” махсус индустриал зонасида жойлашган бир қатор замонавий ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишдилар.
​Ташрифнинг муҳим ва салмоқли қисми BMB HOLDING таркибидаги BMB-NRC AGROLOGISTICS ҳамда BMB AGRO PLUS корхоналарида кечди. Делегация аъзоларига BMB HOLDING таъсисчиси Азиз Маматқулов ҳамроҳлик қилиб, мажмуаларнинг имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берди.
​Дастлаб BMB-NRC AGROLOGISTICS агрологистика мажмуасида бўлган меҳмонлар бу ерда “Ягона дарча” тамойили асосида йўлга қўйилган божхона ва карантин хизматларининг бир жойда мужассамланганига юқори баҳо бердилар. Шунингдек, мажмуадаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатли сақлаш, замонавий усулда қадоқлаш ва экспортга жўнатиш босқичлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
​Бундан ташқари, делегация аъзолари BMB AGRO PLUS корхонасининг ишлаб чиқариш қувватларини кўздан кечирдилар. Бу ерда помидор пастаси тайёрлаш, қовоқ ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, мева-сабзавотларни шок усулида музлатиш ҳамда музқаймоқ ва турли маҳсулотларни сублимация усулида қайта ишлаш бўйича йўлга қўйилган юқори технологияли жараёнлар атоқли меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди.
Мулоқотлар давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ўзаро агросаноат ҳамкорлигини янада жонлантириш, савдо алоқаларини кенгайтириш ва янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича атрофлича фикр алмашилди.
​Умуман олганда BMB HOLDING томонидан амалга оширилаётган замонавий ва экспортга йўналтирилган лойиҳалар нафақат вилоят иқтисодиётини юксалтириш, балки давлатлараро ҳамкорлик кўпригини янада мустаҳкамлашда муҳим бўғин бўлиб хизмат қилмоқда.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *