«Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”нинг асосий мақсадларидан бири ёшларни қарорлар қабул қилиш жараёнларига фаол жалб этиш, уларнинг фикр ҳамда таклифларини инобатга олиш, шунингдек, истеъдодли ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳисобланади. “Юксалиш” ҳаракати мазкур вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва “Search for Common ground” халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан биргаликда #Ёшхабардор: “Ёшлар коррупцияга қарши” лойиҳасини амалга оширмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш ҳар қандай жамият учун долзарб вазифа ҳисобланади, чунки бу иллат давлатнинг ривожланишига тўсқинлик қилади ва фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини рўёбга чиқаришларига жиддий хавф туғдиради. Шу боисдан жамиятда ҳалоллик ва адолатни таъминлаш учун янги ёндашувлар зарур. “Search for Common ground” халқаро ташкилотининг #Ёшхабардор дастури коррупцияга қарши курашишда инновацион ёндашувни тақдим этиб, ушбу иллатни келажагимиз пойдевори бўлмиш ёшлар орасида йўқотиш, жамиятда кенг тарқалиб бораётган бу муаммони айнан ёшлар ташаббуси билан ҳал қилиш кераклигини илгари сурди. Бу борада ташкил этилган бир қатор ташаббуслар орасидан “Шаффофлик ва Ишонч” лойиҳаси айнан шу мақсадни кўзлаб амалга оширилаётган ташаббуслардан бири. Лойиҳа коррупцияга қарши самарали курашиш, ёшларда бу иллатга қарши иммунитетини ошириш ва фаолликка ундаш, уларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда жамиятда ишончли, шаффоф муҳитни яратиш каби мақсадларни ўз ичига олади.
Лойиҳа доирасида амалга оширилган тадбирлар жамиятда коррупцияга қарши курашиш ва ёшларни фаолликка ундашни мақсад қилган. Яқинда “Юксалиш” ҳаракати ижрочи директори A.Маматханов, “Search for Common ground” халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Кенешбек Саиназаров бошчилигида давлат ташкилотлари, ёшлар ва нодавлат ташкилотлари вакиллари билан очиқ давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда коррупцияга қарши курашишда халқаро тажрибалар ва замонавий ёндашувлар муҳокама қилинди. Ушбу давра суҳбатида иштирок этганлар нафақат коррупцияга қарши курашишнинг самарали усулларини ўрганиш, балки ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлдилар.
Шунингдек, Қозон Федерал университетининг Жиззах филиали, Жиззах политехника институти, вилоят статистика бошқармаси ва Жиззах политехника институти академик лицейида семинарлар ва амалий машғулотлар ўтказилди. Ушбу тадбирларда ёшлар ва мутахассислар коррупцияга қарши курашиш усулларини ўргандилар ва ўз билимларини амалиётга татбиқ этиш имкониятига эга бўлдилар.
“Шаффофлик ва Ишонч” лойиҳаси ёшларни коррупцияга қарши курашишга жалб қилиш ва жамиятда шаффофликни таъминлаш йўналишида муҳим қадамдир. Ушбу лойиҳа ўз фаолиятида давлат ва нодавлат секторларини бирлаштириб, янги ёндашувлар ва стратегияларни ишлаб чиқди. Лойиҳа иштирокчилари бу борада ўз билимларини оширибгина қолмай, ўзига хос тажрибага ҳам эга бўлишди.
Жамиятда ҳалоллик ва адолат устувор бўлган келажакни қуриш учун ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши керак. “Шаффофлик ва Ишонч” лойиҳаси эса айнан шу мақсадга хизмат қилади.
Олимжон ЖУМAБОЕВ,
“Юксалиш” ҳаракати аъзоси,
“Шаффофлик ва Ишонч” лойиҳаси раҳбари.