Кеча вилоят туризм бошқармаси томонидан ташкил этилган навбатдаги инфо турда ана шу саволга жавоб изланди. ОАВ вакиллари ва блогерлар Зомин туманидаги туризм ва соғломлаштириш масканларига йўл олишди.

Маълумки, урбанизация жараёнининг шиддат билан ўсиши, ишлаб чиқариш ва йирик саноат қувватларининг кўпайиши атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришига таъсир ўтказмай қолмайди. Натижада тоза ҳаво танқис, қимматбаҳо неъматга айланади. Зоминнинг табиат ато этган табиий имконияти – кислород ва озонга бой арчазорли тоғлари ҳавоси ифлосланган шаҳарлар аҳолисини шу сабаб ҳам ўзига жалб қилиб келади. Зоминга келган сайёҳ фақатгина бу неъматдан баҳраманд бўлмаслиги керак. Уларга дам олиш билан бирга саломатлигини ҳам тиклаш имконияти яратилса, бу ҳудуднинг жозибадорлиги ва сайёҳлар оқимининг ортишига сабаб бўлади. Кўп йиллар давомида бу вазифани “Зомин” санаторийси бажариб келди. Кейинги йилларда нафас йўллари ва таянч-ҳаракатланиш тизими хасталикларини даволаш учун янги тиббиёт ва туризм масканлари очилди. Туманнинг янги арчазор ўрмонлари пойида қад ростлаган “Азим Зомин шифо” соғломлаштириш маскани улардан бири. 10 га ер майдонига эга клиникада юрак қон-томир, асаб, нафас йўллари тизими, гинекология, урология хасталиклари ҳамда умумий соғломлаштириш бўйича муолажалар таклиф этилади.

-Даволанувчилар сиғими 150 ўринли бўлиб, йил давомида 2000 нафардан зиёд дам олувчини қабул қилдик, – дейди директор ўринбосари Бегзод Хўжакелдиев. – Улар орасида яқин ва узоқ хориж давлатларидан вакиллар бор. Россия, Саудия Арабистони, Туркия каби давлатлардан айнан даволаниш мақсадида “Азим Зомин шифо”га мурожаат қилувчилар сони ортиб бораяпти. Қулайлик даражасига кўра номерлар, оилавий жойлашиш учун коттежлар бор. Даволанувчилар 8 нафар шифокор кўригидан ўтиб, таҳлиллар олингач, зарур муолажалар тайинланади. Улар учун сувли муолажалар, физиотерапия, массаж каби 10 дан ортиқ муолажа мавжуд. Айниқса, шифобахш терринкур – туз ғори эътиборни жалб этмоқда. Шифокор тавсиясига кўра, нафас йўли хасталикларига чалинган беморлар туз ғорида 20 дақиқа нафас олиш эвазига турли хасталиклар асоратларидан батамом қутулмоқдалар.

Санаторий туман марказидан атиги 4 км узоқда жойлашган бўлишига қарамай табиати ҳам жуда гўзал – Туркистон тоғ тизмасининг шимолий ўрмонлари табиий ҳолда сақлаб қолинган. Аксинча уларнинг гўзаллигидан унумли фойдаланган ҳолда сайр учун йўлаклар қурилиб, ободонлаштиришга катта эътибор қаратилган.

Кейинги манзил денгиз сатҳидан 2000 м баландликда жойлашган “Зомин НКМК” сиҳатгоҳи бўлди. Бу бино қурилганидан бошлаб ҳозирги кунгача юқори Зоминнинг энг улуғвор ва йирик соғломлаштириш маскани бўлиб турибди. 150 ўринли ушбу сиҳатгоҳда Навоий кон металлургия комбинати ходимлари ва фахрийлари дам олишади. Ўтган йилдан бошлаб Касаба уюшмалари федерацияси томонидан бошқа соҳа ходимлари ҳам йўлланма олиш имкониятига эга бўлишди. Шунингдек, Ёзувчилар уюшмаси учун 25 та ўрин ажратилган.

-Бу ерда асосан нафас йўли ва асаб тизими хасталиклари учун даво муолажалари таклиф этилади, – дейди санаторийнинг участка раҳбари Ҳусниддин Жуманазаров. – Дам олувчиларга 4 нафар шифокор, 118 нафар ишчи-ходимлар жамоаси хизмат кўрсатади. Сиҳатгоҳда массаж, физиотерапия, умумий соғломлаштириш муолажалари амалга оширилади. Комбинатдан келувчилар учун автобус хизмати ташкил этилган.

Санаторий-курорт зоналарида тиббиёт туризмининг имкониятлари юқори. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январ-сентябр ойларида 81,7 минг нафар чет эл фуқаролари даволаниш мақсадида Ўзбекистонга келган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 36,3 минг нафарга ёки 80,2 фоизга ошган. Бу кўрсаткичнинг янада ошиши ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали мавжуд имкониятларни кенг ва самарали тарғиб қилишга ҳам боғлиқ. Шу сабабли, вилоят туризм бошқармасига кўра, бу йўналишдаги инфо турлар кейинги йилларда ҳам режали равишда ташкил этиб борилади.
Муқаддас САПАРОВА.