ЗИЁ БЕКАТИ

Ҳар биримиз борар манзилимизга элтувчи транспортни кутиб маълум муддат бекатда тўхтаймиз. Кимдир ҳамроҳи билан суҳбат қурса, аксарият йўловчилар қўлидаги смартфон билан ўзини чалғитади. Яна кимдир бошқа эрмак билан банд бўлади.

Шаҳримизда йўловчиларнинг оз бўлсада вақтини мазмунли ўтказишига хизмат қилишни, зиё улашишни кўзлаган бекат борлигини билармидингиз? Кўз илғамас ана шундай жой борки, ҳозирда у ерга бир муддатга борган инсонлар, айниқса ёшлар хайрли ташаббус билан жамланган китобларни мутолаа қилиб, қисқа фурсат бўлса ҳам маънавий озуқа олишяпти.

Шароф Рашидов шох кўчаси, вилоят ҳокимлиги яқинида жойлашган бекатда ака-ука Ғайратжон ва Рустамжон Ҳожимуродовлар ташаббуси билан мўжазгина кутубхона ташкиллаштирилган.

– Бекатда ўриндиқлар бор, ҳар қандай об-ҳавода ҳам хотиржам бироз муддат дам олиш учун барча шароитлар мавжуд. Аммо автобус кутиб ўтирган юртдошларимизнинг аксарият вақтда бекор ўтиришганларининг гувоҳи бўлганман. Шу сабабдан уларга оз бўлсада фойдали бўлиши учун мўжазгина кутубхонани ташкил этдим, – дейди Рустамжон Ҳожимуродов. – Дастлаб уйимда бўлган 20 та китобни токчаларга жойладим. Ушбу хайрли ташаббусга юртдошларимизни ҳам чорладим. Қисқа фурсатда кичик кутубхонамизда 100 тагача китоб жамланди. Бадиий асарлардан ташқари ўқув дарслик китоблари ҳам бор. Ҳозирда бу ер нафақат кутиш, балки китобсевар ёшлар учун мазмунли вақт ўтказиш жойи сифатида ҳам хизмат қилмоқда.

Атрофимизда ана шундай барчани илмга чорлашни мақсад қилган юртдошларимизнинг борлиги қувонарли. Айниқса, ушбу эзгуликни амалга оширишда катта сабаб ва шароит кутиб ўтирмасдан бор имкониятдан фойдаланиб бўлса ҳам ана шундай зиё ўчоғини яратишдек савобли ишдан ўрнак олса арзийди.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *