ЎЙИН ОРТИДАГИ ХАВФ

Бугун шаҳримиз кўчаларида, ҳар бир бекатда, энг ёмони, мактаблар яқинида автомат ўйин қурилмалари ўрнатилганига кўзингиз тушган бўлса керак. “Prize crane machine” ёки оддийгина қилиб “қисқичли ўйин” деб аталувчи бу қурилмалар ичида ранг-баранг юмшоқ ўйинчоқлар кўзни ўйнатади. Ўйнаб кўриш нархи ҳам қиммат эмас – атиги 2000 сўм. Аммо ана шу “атиги” ортида тарбия учун хавф яширин эканлигини кўпчилик ўйлаб ҳам кўрмайди.

Ўйин механизми оддий. Автоматга пул киритасиз,  қисқични ҳаракатга келтирасиз, мўлжалланган ўйинчоққа етар-етмас вақт тугайди ёки қисқичга илинмайди. Чунки қисич илгаклари шундай мослаштирилган. Ўйинчоқлар ҳам атай катта каллали ёки силлиқ қилиб танланган. Мўлжалга етай-етай деганда мағлубиятга учраган бола яна уриниб кўриши табиий. Мана шу оддий ўйин мазмунида қимор механизми бор, десам ишонасизми? У болани ютуқ илинжида қайта ва қайта пул тикишга ундайди. Охир-оқибатда у кичик пул тикиб катта натижа олишга ўрганади. Қимор ўйини моҳияти шундай.

Ҳар бир ота-она фарзанди учун тушлик ёки чўнтак пули бериши одатий ҳол. Чунки болаларимизни яхши кўрамиз ва уларнинг тенгдошлари олдида елка қисиб турмаслигини истаймиз. Бу пулларни нимага сарфлаётгани ҳақида ҳам, албатта, сўраб-суриштириш шарт. Агар болада шундай ўйинларга қизиқиш сезсангиз, бу хавфли эканини тушунтириш жоиз. Ҳаётда улкан мақсадларга меҳнат ва ўқиб-ўрганиш орқали эришиш мақбуллиги, осон йўл билан топилган бойликнинг умри қисқа бўлиши ҳақида насиҳатлар қилиш зарур.

Қимор юртимизда расман тақиқланган. Аммо у виртуал ўйинлар ва юқоридаги воситалар орқали мавжуд. У оқ-қорани ажратиб улгурмаган ёшлар онгига тез таъсир этиб, ҳаётда ҳам тез ва осон бойиб кетиш иллюзиясини келтириб чиқаради. Ҳеч бўлмаганда, ўйин автоматларининг ғирром  механизми қандай ишлашини яхшилаб тушунтириш зарур. Токи, бола мақсадга осон йўл билан эмас, ҳалол меҳнат орқали етишнинг афзаллигини англаб етсин.

Бахтиёр СУВАНҚУЛОВ,

ЖДПУнинг Мактабгача ва бошланғич таълим факультети доценти.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *