ЗОМИН НЕЪМАТЛАРИ—ЭКСПОРТГА
Жорий йилнинг якунига қадар Зомин туманидаги 14 та корхона томонидан 17 млн. долларлик саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортга йўналтирилади. Олтита корхонада 63 млн. долларлик лойиҳа доирасида хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобига янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
— “ERMAK+” бренди остида Мўғилистон ва Германияга мева шарбати ва шинниси, Туркия ва Испанияга 500 тонна ковул, Япония, Саудия Арабистони ва Туркияга “Замин асали” бренди остида 15 тонна асал, Марказий Осий давлатлари, АҚШ, Хитой, Россия, Туркия, Миср ва Колумбияга 4,5 млн. долларлик ип-калава, Хитой ва Жанубий Кореяга 1 млн. долларлик ипак маҳсулотлари экспортга чиқарилади,—дейди туман инвестициялар, саноат ва савдо бўлими бош мутахассиси Даврон Каримов.
Йил охирига бориб Даштободда сутни қайта ишлаш ҳисобига машҳўр Зомин қурутларини ишлаб чиқарадиган линия фойдаланишга топширилади. Натижада тайёр маҳсулотлар қадоқланиб, экспортга йўналтирилиши режалаштирилган.
УЗУМ ПИШГАНДА КЎРИНГ
Туманда Сайхунобод, Уйчи тажрибаси асосида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ва даромадни ошириш, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 2793 нафар фуқарога 49,1 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Ҳудуддаги 39 та маҳаллаларнинг 2943 та аҳоли хонадонларига 45 та лидер тадбиркорлар бириктирилиб, ажратилган имтиёзли кредитлар доирасида иссиқхона, 10,9 минг бош товуқ, 1,5 минг дона қўзиқорин, 1,4 минг дона голубинка кўчатлари, 67,8 минг дона малина кўчатлари, 589,6 минг дона мева кўчатлари, 438 бош қорамол, тўрт минг бош қўй ва эчки, 3,7 минг дона бедана, 93 дона асалари қутилари, 148 та тикув машинаси ва 379 та бошқа турдаги асбоб-ускуналар етказиб берилиб, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тизимли ишлар бошлаб юборилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 9 январдаги ПҚ-7-сонли қарорига асосан, 1031 нафар фуқарога “Бизнесга биринчи қадам” дастури доирасида 8 млрд. 242 млн. сўм микроқарзлар, 101 нафар тадбиркорлик субъектига 8 млрд. 941 млн. сўм кредит ажратилди.
Олтиариқ тажрибаси асосида тумандаги 13 та маҳаллаларнинг 8415 та хонадонларига 286,1 минг туп ҳусайни, келинбармоқ, ризамат навли узум кўчатлари экилиб, парвариш қилинмоқда. Баҳорги экинларни экиш ҳисобига 19,2 минг тонна сабзавот, 1,1 минг тонна полиз, 12,8 минг тонна картошка, 1,2 минг тонна дуккакли ва 16,6 минг тонна бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади.
Жорий йилда туманда 706 та мева-сабзавотчилик фермер хўжаликларида 10 минг гектар майдоннинг 20 фоизига ҳамда деҳқон хўжаликлари ерларига экспортбоп экинларни экиш ҳисобига 55,7 млн. долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш режалаштирилган.
Зоир КАЛОНОВ.